Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 163 та ўлим ҳолати қайд этилган
15:02 / 2022-04-10

Бу ҳақида вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар ҳамда бошқарма мутасаддилари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий билимини юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Анжуманда Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги “Автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

– Андижон вилоятида 2021 йилда 848 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, – дейди Андижон вилояти ИИБ Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёрбек Турғунов. –  Шундан 179 ҳолатда йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиси жароҳат олган бўлса, 163 та ҳолатда ўлим қайд этилган. Йўл транспорт ҳодисаларининг салмоқли қисми Андижон шаҳри ҳиссасига тўғри келган.

Анжуманда бошқарма томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини, хусусан, пиёдалар ҳаракатини тартибга солиш бўйича қилинган ишлар, ҳайдовчилар, пиёдалар, умуман, аҳолининг йўл ҳаракатига оид билимларини ошириш, инновацион – видео-фото камералар ўрнатиш, рақамлаштириш бўйича бажарилган ишлар, шунингдек, тизимда иш олиб бораётган барча ходимлар вилоятдаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларига бириктирилганлиги қайд этилди.  

Андижон шаҳрида ўтган йили жами 195 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 179 та холатда фуқаролар турли даражадаги тан жарохати олган, 16 та ҳолат ўлим билан якунланган. Бу вилоят бўйича содир этилган жами йўл-транспорт ҳодисаларининг 21,1 фоизини ташкил қилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Андижон шаҳрида жами 52,1 минг дона автомототранспорт воситалари мавжуд бўлиб, шундан 41 минг 179 таси жисмоний шахсларга, 10 минг 921 таси юридик шахсларга тегишлидир. Транспорт воситаларининг кўплиги, йўлларнинг тирбандлиги жиҳатдан Андижон шаҳри республикамизда энг юқори ўринда турадиган ҳудудлардан саналади.

Анжуманда қарор ижроси доирасида 2022-2023 йилларда Андижон шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси, яъни 8 боб, 34 бўлимдан иборат мазкур концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилганлиги айтилди.  

Концепция ва “Йўл харитаси” да Андижон шаҳрида йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш, автомобиль йўллари сифатини яхшилаш, пиёда ва велосипедчиларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шароитлар яратиш, транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назорат тизимини такомиллаштириш, йўл ҳаракати барча қатнашчиларининг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш кўламини кенгайтириш, тирбандликлар сабабли транспорт воситалари ҳамда пиёдаларнинг тартибсиз ҳаракати натижасида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилган.

Жумдадан, 30 та чорраҳага инновацион камера ва фоторадарлар ўрнатиш,  шаҳардаги ўта юқори тирбандликлар кузатилаётган 13 та чорраҳани тартибга солиш мақсадида транспорт воситалари, пиёдалар учун қўшимча йўллар, шунингдек, велосипед йўлакчалари ташкил этиш белгиланган.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил  жавоблар олди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА