Андижонда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан 2021 йилнинг олти ойи давомида амалга оширилган ишлар, тизимдаги янгиликлар ҳамда фаолиятдаги муаммолар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси мутасаддилари, туман, шаҳар ФХДЁ бўлимлари раҳбарлари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида соҳада ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди, эришилган ютуқ ва мавжуд муаммолар хусусида сўз юритилди.
Анжуманида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдураҳмон Алимов ФҲДЁ бўлимларидаги хизмат кўрсатиш сифати, аҳолига яратилаётган қулайликлар ҳақида гапирди, жорий йилнинг 6 ойи давомида қайд этилган туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажрим ҳолатлари бўйича маълумотлар берди.
ФҲДЁ бўлимларининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг олти ойи давомида бўлимларга 56 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Ана шу давр мобайнида 36 минг 734 нафар чақалоқнинг туғилганлиги қайд этилган бўлса, 7 минг 659 нафар киши вафот этган. Шунингдек, 9 минг 539 та жуфтликнинг қонуний никоҳи расмийлаштирилди, 1 минг 990 та ажрим қайд этилди.
Анжуманда соҳада жорий этилган қатор янгиликлар, яъни фуқаролар томонидан никоҳдан ўтиш учун тўланадиган тўловлар инвойс орқали амалга оширилиши йўлга қўйилганлигини қайд этилиб, бу ҳақда маълумотлар берилди.
- Тўлов электрон тарзда амалга оширилгандан сўнг, фуқаронинг шахсий телефонига тўлов амалга оширилганлиги ҳақида СМС хабар келади, - дейди Абдураҳмон Алимов. - Унда тасдиқлаш коди бўлади. Код бириктирилгандан сўнг фуқаро никоҳ гувоҳномасини олиши мумкин.
Фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига чек қўядиган яна бир янгилик, яъни никоҳни қайд қилиш жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб уларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахсларнинг манзили (жойлашган ери)дан қатъи назар, экстерриториал тартибда амалга ошириладиган бўлди. Эндиликда фуқаролар мамлакатимизнинг исталган ҳудудидаги ФҲДЁ бўлимига никоҳни қайд этиш учун ариза топшириш ҳамда тиббий кўрикдан ўтиши мумкин.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ФҲДЁ фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.
Якунда, вилоятда Давлат хизматлари агентлиги, ФҲДЁлар фаолиятини ёритишда фаол бўлган бир гуруҳ журналист ва блогерларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА