Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда ёшлар фестивали
15:26 / 2019-08-28

Андижонда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган “Буюк аждодларга муносиб ворис бўлайлик!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.


Андижонда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган “Буюк аждодларга муносиб ворис бўлайлик!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, мустақилликка шукроналик, жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан яшаш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган фестивалда вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари, умумтаълим ва махсус мактаблар ўқувчилари, уюшмаган ёшлар иштирок этди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан ўтказилган фестиваль доирасида турли акция, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди.

Фестиваль тадбирлари вилоят Ёшлар марказида вилоят ҳокими ўринбосари Ў.Шукуровнинг ёш ўқитувчилар, иқтидорли ёшлар ҳамда ёшлар ташкилоти етакчилари иштирокидаги мулоқоти билан бошланди. Мулоқотда мамлакатимизда ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, пухта билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имконият яратилаётгани таъкидланди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

photo_2019-08-28_15-27-29.jpg

Марказда иқтидорли ёшларнинг робототехника, ахборот- коммуникация технологиялари ва бошқа техник йўналишлар бўйича ихтиро, инновацион ғоя ва ишланмалари кўргазмаси ташкил этилди.

– Кўргазмада ўзим тайёрлаган самолёт модели билан қатнашдим, – дейди Асака туманидаги 58-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ш.Ҳайдаров. – Тенгдошларим тайёрлаган кўп буюмлар, жиҳозларни кўриб ўзимга тегишли хулоса чиқардим, тажриба тўпладим. Энг асосийси, байрам арафасида кўплаб янги дўстлар орттирдим.

Андижон шаҳридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус тарғиботи доирасида ёшлар ўртасида спортнинг сузиш, стол тенниси, каратэ турлари бўйича мусобақа ташкил этилди. Катта ютуқларга эришган таниқли спортчилар, мамлакат чемпионларининг ёшлар билан учрашувлари, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ташкил этилди.

З.М.Бобур номидаги вилоят мусиқали драма театрида санъаткорлар билан учрашув ҳамда жамоанинг чиқишлари иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

photo_2019-08-28_15-27-30.jpg

– Театр жамоаси томонидан тайёрланган бугунги кун ёшлари, хусусан, талабалар ҳаётини акс эттирувчи дастурлар бизга манзур бўлди, – дейди Андижон машинасозлик институти талабаси И.Тожиматов. – Айниқса, диний-экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолиб, Ватанга хиёнат қилиш, турли иллатлар, “оммавий маданият” кўринишларининг ёшларга салбий таъсири акс эттирилган саҳна кўринишлари янада огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақирди.

Андижон шаҳридаги ҳарбий гарнизонда “Ватан ҳимояси – юксак шараф”, “Мард ўғлон – юрт таянчи” мавзуларидаги учрашув ва мулоқотда муддатли ҳарбий хизматчиларга Қуролли Кучлар фахрийлари ўзларининг бой тажрибалари, Ватан ҳимояси йўлидаги хотираларини гапириб берди.

“Уч авлод учрашуви” шиори остида ўтказилган акция доирасида ёшлар иттифоқи фаоллари, “Камалак” ташкилоти сардорлари томонидан бир гуруҳ фахрий ўқитувчилар ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар улашилди.

Муҳаммад Юсуф номли ижод мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “З.М.Бобур издошлари” тўгараги ҳамда “Муҳаммад Юсуф издошлари” клуби аъзоларининг ёшлар билан ижодий учрашуви шеърият байрамига айланиб кетди.

– Байрамона ўтган учрашувдан бир олам таассурот олдим, – дейди Муҳаммад Юсуф номли ижод мактаби ўқувчиси Машҳура Ботирова. – Ижодга, шеъриятга қизиқувчи, шеърият мухлиси бўлган тенгдошларимнинг гўзал шеърларини тинглаб, улардан кўп нарсаларни ўргандим.

photo_2019-08-28_15-27-31.jpg

Вилоят “Баркамол авлод” марказида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Математика фани билимдони” танловида ёш, иқтидорли математиклар ўз билимларини синовдан ўтказди. Фестиваль доирасида Андижон шаҳридаги “Нодира”, Марҳамат туманидаги “Увайсий”, Бўз туманидаги “Нодира” кинотеатрларида тарихий “Имом ат-Термизий”, “Исломхўжа” фильмлари намойиш этилди. Шунингдек, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида истиқомат қилаётган имконияти чекланган ёшлар учун музей, тарихий масканларга, “Боғи Бобур” боғига саёҳат уюштирилди.

Фестиваль доирасида Андижон шаҳридаги Ёшлар боғида ўтказилган китоб савдо-ярмаркаси, “Мустақилликка менинг туҳфам” шиори остида ижодкор ёшларнинг янги китоблари тақдимоти, ёш тадбиркорлар томонидан тайёрланган ва ишлаб чиқарилган ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш маҳсулотлари кўргазмаси барчада катта қизиқиш уйғотди.

Ўтказилган турли танлов, спорт мусобақалари ғолиблари, тадбир ва акцияларнинг фаол иштирокчилари муносиб рағбатлантирилди.

Фестиваль “Буюк аждодларга муносиб ворис бўлайлик!” шиори остидаги гала-концерт билан якунланди.