Маълумки, Андижон вилояти бор-йўғи 4240 кв. км майдонни эгаллайди ва унда 3,5 миллон аҳоли яшайди. Аҳоли зичлиги жиҳатдан дунёда Япониядан кейин иккинчи ўринда туради. Шунга қарамасдан Андижоннинг кўплаб ҳудудларида ўрмонлар бор ва унинг майдонлари йилдан йилга кенгайиб бормоқда.
Андижонда ҳар қарич ернинг қадри баланд. Шунинг учун ўрмон хўжалиги раҳбарияти ташаббуси билан фақат сувсизликдан қақраб ётган қир-адирларда янги ўрмонзорлар ташкил этилмоқда. Лекин бу осон кечмади. Дастлаб тошлиқ майдондаги ҳар бир кўчат ўрни махсус парма билан очиб хандақ қазилди. Унга маҳаллий ўғит, “ўлик хашак” солинди. Энг қийини эса сув келтириш эди.

– Илгари бу ерлар дашт ерлар эди. Раҳбаримиз Қобилжон Обидовнинг ташаббуси билан бу ерларни ўзлаштирдик. Майдонлар икки мартадан ҳайдалди. 60 метр юқорига 3,5 км узунликда насослар орқали сув олиб чиқдик, – дейди ўрмончи Миркомил Аҳмадалиев. – Шу ернинг ўзига 56 гектар павлония экилди. Бу дарахтлар 3 йиллик бўлиб, 2 йилдан буён баҳорда уни ёғочга айлантириш учун тагидан кесиб ташлаяпмиз. Бугунгача 7-8 метрга ўсди.


Ҳа, бу майдон катта ишнинг бошланиши бўлди. Кейин бир парча бўлса-да ҳали у, ҳали бу туман ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига яроқсиз адирларгача етиб борилди.
– Кейинги 2 йилда 550 гектардан зиёд янги ўрмон ташкил қилдик. Уларнинг асосий қисми Асака, Марҳамат адирларидаги павлония плантацияларидир, – дейди Андижон давлат ўрмон хўжалиги директор ўринбосари Мухторжон Усмонов. – Улар, аввало, экологик ҳолат мусаффолигига, тоза ҳаво ишлаб чиқаришга хизмат қилса, танаси мебель саноати учун қимматбаҳо хомашё ҳисобланади.
Мана, Андижонда павлония дарахти ёғочидан синов тариқасида мебель тайёрлаб кўрдилар. Дарҳақиқат, ёғоч хомашёси текис, нуқтадек ҳам ғубори йўқ, ишловда юмшоқ, вазни енгил, лекин мустаҳкам.
Энди тасаввур қилинг, Андижондаги павлония плантациялари ёғоч беришни бошласа, қанчалар гўзал мебеллар ишлаб чиқариш мумкин бўлади!

Андижон давлат ўрмон хўжалиги 2-3 йилда павлония ўрмонлари майдонини ҳозирги 105 гектардан 350 гектарга етказмоқчи. 1 гектарга 650 та кўчат экилса, янги маданий ўрмонга 230 мингта кўчат керак бўлади. Уни ҳам ўрмон хўжалигининг ўзи етиштирмоқда.
– Кўчатларни 3 хил усулда кўпайтириш мумкин. Уруғидан, илдиз қаламчасидан ҳамда инвентор усулида. Биз илдиз қаламчаларини иссиқхоналарда тайёрлаб, тарбия бўлимларига экиб, 3-4 метр бўлганидан сўнг олиб чиқиб экамиз, – дейди Андижон давлат ўрмон хўжалиги ўрмонбеги Сарварбек Тўхтасинов.

Ўрмон хўжалигининг барча бўлимларида кўчат кўпайтирилмоқда. Ўрмонбеги Сарварбек Тўхтасинов айтган 3-4 сантиметрли илдиздан ўстирилган кўчатлар 7-8 метрга етди.
Ўрмончи Аброр Мирзаев павлониядан мебель саноати учун ёғоч етиштиришнинг бир сирини айтди.
– Ҳозир бу кўчатларнинг ичи ғовак. Плантацияга экилганидан сўнг уни остидан кесиб ташланади. Шунда ғоваклик йўқолиб, тўлиқ тана пайдо бўлади.
Павлония гулга кирганида янги ўрмонни қоплаган ифордан нафас олиб тўймайсиз. Олимларнинг таъкидлашича, дунёда энг шифобахш асал – павлония гулидан йиғилар экан.

Андижон давлат ўрмон хўжалиги сертармоқлиги билан ҳам фарқланиб туради.
– Хонободдаги адирларда бодом, писта, ёнғоқ экиб кўпайтирдик. Улар аста-секин мевага кирмоқда. Бундан ташқари наъматак кўчатлари кўпайтирилиб, махсус плантацияларга айлантирилди, – дейди Мухторжон Усмонов.
Ҳар ҳолда яна бир-икки рақамни тилга олайлик.
– 2023 йил баҳор ва кузида Анждижон ўрмон хўжалигида 3,5 миллиондан зиёд 26 хил турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатларини тайёрладик, – дейди Сарварбек Тўхтасинов.

Балки асрлар давомида сув кўрмаган Андижоннинг қир-адирларида ўрмон барпо этиляпти. Нега энди унумдор тупроқли майдонлар яшиллик билан қопланмасин?
Президент ташаббусига биринчилардан бўлиб қўшилган ҳам андижонликлар бўлишди. Ўрмон хўжалиги эса кўчат етиштириб берувчи таъминотчига айланди.

– Бу йил кузда 270 мингта кўчат экиш режалаштирилган бўлса, ҳозиргача 66,5 мингта мевали ва манзарали дарахт экилди. Ўрмон хўжалиги томонидан шаҳардаги 94 та маҳалланинг ҳар бирига 200 тадан кўчатлар бепул берилди. Уни экиш давом этяпти, – дейди Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари Фарруҳ Эргашев.
Ҳа, сўнгги 2-3 йил Андижон давлат ўрмон хўжалиги учун юксалиш сари муҳим қадам ва амалга ошган йирик лойиҳалар йили бўлди. Бугун бу ерда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси дастури ижросидаги вазифалар режаси ишлаб чиқарилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/F9ySsXrUsnw" title="Андижонда янги ўрмонлар пайдо бўлмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА