Андижонда вилояти адлия бошқармасининг жорий йил биринчи чорагидаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Адлия вазирлигининг “Очиқ адлия” (“Open justice”) дастурига мувофиқ ташкил этилган анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, бошқарма мутасаддилари иштирок этди.
– Бошқарма ва унинг туман, шаҳар бўлимларига жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида 1 минг 522 та мурожаат келиб тушган, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Отабек Бозоров. – Мурожаатларнинг 1 минг 275 таси ёки 83,8 фоизи ҳал этилди, 915 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қаноатлантирилган мурожаатлар асосида турли идораларга тегишли тартибда тақдимнома, судларга даъво аризалари ва маъмурий таклифлар киритилди.
Бошқарма ҳамда унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан 88 марта ўрганиш ва мониторинг тадбирлари ўтказилган. Ўрганишлар давомида 5 минг 438 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганлиги айтиб ўтилди.
[gallery-2230]
Мутахассислар томонидан қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича турли ташкилотларга 326 та тақдимнома киритилган. Ана шу тақдимномалар асосида фуқароларга қарийб 811 миллион сўм миқдоридаги маблағ қайтарилган. Шунингдек, 3 та ҳужжат ижроси тўхтатилган, 19 та ҳужжат ижроси бекор қилинган, 255 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Уларнинг уч нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Анжуманда юридик хизмат фаолиятини тартибга солиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда нотариат соҳалари фаолиятлари бўйича ҳам маълумотлар берилди. Хусусан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти назорат тартибида ўрганиб чиқилган. Ўтказилган ўрганишлар давомида қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан бошқарма ҳузуридаги малака комиссиясига тақдимномалар киритилган. Тақдимномалар бўйича малака комиссияси хулосасига кўра, 13 нафар нотариуснинг хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқни берувчи лицензияси амал қилиши 15 кундан 3 ойгача муддатларга тўхтатилган.
Вилоятда “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси доирасида тизим ходимлари томонидан тадбиркорлар фаолиятига оид ҳар қандай ҳуқуқий масалада зарур ёрдамлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилган. Ўтган давр давомида тадбиркорлар манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида 1 миллиард 324 миллион сўмдан зиёд миқдордаги маблағни ундириш бўйича судларга даъво аризалари киритилган.
Шунингдек анжуманда Президентимизнинг
2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА