Унда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари Ёшлар иттифоқи етакчилари, сардорлари, шунингдек, “Миллий тикланиш” партия фаоллари, “Ёшлар парламенти” аъзолари ва фаол ёшлар иштирок этди.
- Форумни ўтказишдан асосий мақсад, Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатида ҳамда Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, ёшлар фаоллигини ошириш, Фарғона водийси ёшлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Андижон вилоят кенгаши раиси Ҳамиджон Омонов. – Қолаверса, улуғ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, бой ижодий меросини тарғиб этиш орқали ёшлар қалбида тарихимизга, улуғ аждодларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган.
[gallery-1117]
Дастлаб Форум иштирокчилари томонидан Андижон шаҳри марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Сўнг Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрабов билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Осиё давлатлари тараққиётида муҳим ўрин тутган подшо, ҳарбий саркарда, олим ва шоир Бобур ҳаёти, фаолияти, у қолдирган бой илмий, ижодий, маънавий мерос, ана шу мероснинг бугунги аҳамияти ҳақида кенг маълумот берилди. Бобуршунос олим, ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
Форумнинг иккинчи қисмида маданий дастур ташкил этилиб, вилоятдаги таниқли хонандалар иштирокида гала-концерт намойиш этилди. Якунда ташкилотчилар томонидан фаол иштирокчиларга сертификат ва эсдалик совғалар топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА