Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда умумхалқ хайрия ҳашари
16:00 / 2025-08-22

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик тўйи олдидан “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида уюшқоқлик билан ўтмоқда.

Умумхалқ хайрия ҳашарида вилоят аҳолиси фаол иштирок этиб, ўзлари яшаётган маҳаллалар, меҳнат қилаётган жамоа, таълим олаётган муассаса ҳудудларини, болалар майдончалари, кўчалар, хиёбонлар, ариқ, зиёратгоҳ ва қабристонларни тозалаш, умуман, катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишларини амалга оширмоқда.

Хайрия ҳашари вилоятнинг ҳар бир гўшаси озода ва орасталигини, покиза ва ободлигини таъминлаш, халқимизнинг кексалар, етим-есирлар ва ногиронларга меҳр-мурувват кўрсатишдек азалий қадриятлари давомийлигининг ёрқин намунаси бўлмоқда.

Икки кун давом этадиган ҳашар доирасидаги ободонлаштириш ишларида вилоятдаги 2 миллион нафардан ортиқ кишининг иштирок этиши кўзда тутилган.

 –  Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллиги байрами олдидан маҳаллалар, шаҳар ва қишлоқларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган умумхалқ ҳайрия ҳашари вилоятимизда уюшқоқлик билан ўтмоқда, – дейди Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов. – Айниқса, ободонлаштирилиши зарур бўлган қатор ҳудудларда ишлар уюшган ҳолда ташкил этилади. Умуман, ҳашар давомида вилоятнинг барча ҳудудларида кенг кўламли ободонлаштиририш ишлари амалга оширилади, зиёратгоҳ ва қабристонлар тозаланади, вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилади. Шунингдек, ногирон, ёлғиз яшовчи кексаларларга моддий ёрдамлар кўрсатилади.

Шахсан ўзим бугун эрта тонгдан Андижон тумани Март маҳалласи ҳудудида жойлашган Қорабош ота қабристонида бўлиб, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар билан биргаликда тозалаш ва ободонлаштириш ишларини бажардик. Бу каби хайрли ишларда қатнашиш ҳар бир кишининг ҳам фуқаролик, ҳам инсонийлик бурчидир.

Ҳашар давомида ободонлаштириладиган объектлар, амалга ошириладиган ишлар ҳар бир маҳалла бўйича, хусусан, ҳар бир кўча ва кўп қаватли уйларда белгиланган ишларни “кўчабай” ҳамда “хонадонбай” амалга ошириш белгилаб олинди.

Ўтаётган ҳашарда, умуман, юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир кўча ва маҳалласини, қўйингки, ҳар бир хонадонни обод қилишдек эзгу ҳаракатда вилоят аҳолиси фаол иштирок этмоқда.

– Ҳашар халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларидан биридир, – дейди Андижон туманидаги “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнора Жўраева. – Шу боис ҳам, ҳашарда барча юртдошларимиз қатори маҳалламиз аҳолиси ҳам фаол иштирок этмоқда. Хайрия хашарида мустақиллик байрами тантаналарига муносиб ҳозирлик кўриш, юртдошларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга кўмак бериш, юртни обод қилишдек эзгу саъй-ҳаракатлар ўз ифодасини топмоқда.

Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ўтказилаётган ҳашар давомида белгиланган ер майдонлари ободонлаштирилади, ариқ ва лотоклар тозаланади, чиқиндилар чиқариб ташланади, дарахтлар оқланиб, шакл берилади. Бу ишларни бажариш учун зарур техника воситалари жалб этилади. Жумладан, вилоятдаги  7 минг 174 та кўча, 84 зиёратгоҳ, 975 та қабристон тозаланиши, вилоят бўйича 196,2 гектар майдон ободонлаштирилиши, 2727,6 тонна чиқинди чиқариб ташланиши, 49,4 километр арик ва лотоклар, 1 минг 901 та спорт майдончаси тозаланиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ҳашар доирасида 7 минг 740 та оиланинг 43 минг 871 метр квадрат уй-жойи таъмирланади, моддий кўмакка муҳтож 500 та оилага, 238 нафар ногирон фуқарога моддий ёрдам кўрсатилади.

Хайрия ҳашари вилоятнинг барча ҳудудларида, хусусан, меҳнат жамоаларида уюшқоқлик ва фуқароларнинг фаол иштирокида ўтмоқда.  

[gallery-24905]

– Жамоамизнинг ҳар бир аъзоси эрталабдан ҳашарда фаол иштирок этмоқда, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Андижон вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Мансурбек Матисаев.  – Жамоамиз ҳудудимиз, шунингдек, Андижон шаҳри Навоий шоҳкўчасининг  жамоамизга тегишли ҳудудини тозалаб, чиройли ҳолга келтирди. Яъни ариқлар тозаланди, чиқиндилар чиқариб ташланди, дарахтларга шакл берилиб, оқланди.  

Шунингдек, ҳашарда Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши, Ўзбекистон Журналистлар, Ёзувчилар уюшмалари вилоят бўлимлари, “Андижоннома” ва “Андижанская” правда газеталари таҳририяти жамоалари ҳам фаол қатнашмоқда.  

Бир сўз билан айтганда, ҳашар юртдошларимизни Ватан равнақи учун фидойи бўлишга, уни янада обод этиш иштиёқи билан яшашга, шу билан бирга, халқимиз руҳиятини кўтаришга, миллий қадриятларимизни улуғлашга, юртимиздаги ахиллик, меҳр-оқибат, тинчлик учун шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга ҳамда мустақиллик байрамини муносиб кутиб олишга хизмат қилади.

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА