Андижон шаҳрида “Premier hotel And” деб номланган меҳмонхона ҳамда савдо мажмуаси иш бошлади.
Меҳмонхона очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятда меҳмонхона хизмати кўрсатиш сифати ва ҳажми, шунингдек, халқаро талабларга жавоб берадиган меҳмонхоналар сони тобора ортиб бораётганлигини таъкидлади.
Андижон шаҳри марказида умумий қиймати 15 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида барпо этилган тўрт юлдузли, олти қаватдан иборат мазкур замонавий меҳмонхонада мижозлар учун зарур барча қулайликлар яратилган.
Ўзига хос миллий ва замонавий дизайн асосида, европа стандартларига мос равишда жиҳозланган меҳмонхонада 45 стандарт, 9 люкс, 9 делюкс, 2 апартамент ва 4 оилавий хоналар ташкил этилди.
Бундан ташқари, меҳмонхона замонавий алоқа воситалари, тезкор интернет тизими билан жиҳозланган. Шунингдек, 150 нафар иштирокчига мўлжалланган мажлислар зали, тадбир ва маросимлар ўтказиш учун очиқ жой, автомобиллар учун тураргоҳ, шунингдек, сауна ва бассейнлар мавжуд.
[gallery-13187]
Янги меҳмонхона ва савдо мажмуасининг ишга тушиши билан 30 дан ортиқ киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА