Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда тест синовларининг биринчи сменаси ўз ниҳоясига етди
11:35 / 2021-08-05

Бугун мамлакатимизда олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бошланди.

 Ушбу жараён Андижонда ҳам юқори савияда ўтказилмоқда.  

Андижондаги олий ўқув юртлари бакалавриат таълим йўналишига кириш учун 55 минг 555 нафар абитурент ҳужжат топширган.  

– Тест синовлари Андижон шаҳридаги Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, “Баркамол авлод” стадиони, Теннис корти майдонларида бўлиб ўтмоқда, – дейди Давлат тест маркази Андижон вилоят бўлими бош мутахассиси Рустам Азимов. – Тест синови билан боғлиқ барча жараёнлар белгиланган тартиблар асосида ташкил этилмоқда. Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудлар тўла дизенфекция қилинди. Синовга киришдан олдин абитуриентларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, антисептик воситалардан фойдаланади. Сўнг ҳар бирига алоҳида тиббий ниқоб ҳамда иссиқдан сақланиш учун бош кийими берилди. Шундан кейин абитурент белгиланган гуруҳда тест синовини топширади. Иккинчи сменада ҳам тест топшириш жараёни ана шу тартибда бўлиб ўтади.  

Тест синовларида абитурентлар нафақат ҳаяжон, балки ўз билимларига қатъий ишонч билан иштирок этмоқда.  

– Бу йил умумтаълим мактабини тамомлаб, Фарғона политехника институти ва бошқа қатор олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун ҳужжатларимни топширганман, – дейди Жалақудуқ туманидаги Ёрқишлоқ шаҳарчасида яшовчи Зиёдулло Йўлдошев. – Ҳозиргина тест синовини топшириб чиқдим. Бу ерда барча ташкилий ишлар юқори савияда тайёрланибди. Бирор бир қийинчилик бўлгани йўқ. Насиб этса, топширган тест натижаларим ижобий бўлиб, талабалар қаторидан жой оламан. Умуман, барча абитурентларга омад тилайман.  

Тест синовининг ҳар сменасида 3 минг 330 нафар, бир кунда эса 6 минг 660 нафар абитурент тест синовидан ўтиши, умуман, тест синовлари вилоятда 5 – 13 август кунлари давомида ўтказилиши белгиланган.  

Жараённинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун тест синови ўтказилаётган ҳудудлар камера кузатуви билан таъминланди. Бундан ташқари, ота-оналар, умуман, кенг жамоатчилик учун тест синови жараёнини онлайн кузатиб бориш имкони яратилган.  

Тест жараёнида абитурент асосий ва мутахассислик йўналишидаги фанлар бўйича тақдим этиладиган 70 саволга 3 соат давомида жавоб бериши лозим.  

Биринчи смена тест синови эрталаб соат 7.00 да, иккинчи смена эса кеч соат 19 00 да бошланиши белгиланган.  

Синовга келган, лекин тана харорати баланд бўлган абитурент тест синовига қўйилмайди. Улар шифокорлар рухсат берганидан кейин белгиланган бошқа бир кунда тест синовидан ўтади.

[gallery-3297]

 Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА