Мамлакатимизда олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари якунига етди. Жорий йилда Андижон вилоятидан олий ўқув юртлари бакалавриат таълим йўналишига кириш учун 69 минг 895 нафар абитуриент тест синовидан ўтиш учун ариза тақдим этган.
Лекин 8-20 август кунлари бўлиб ўтган тест синовларида номаълум сабабларга кўра, уларнинг 4 минг 593 нафари иштирок этмади, 24 нафар абитуриент эса таъқиқланган воситаларни тест ўтказиладиган ҳудудга олиб киришга урингани, белгиланган тартибларни бузганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.
[gallery-8454]
– Тест синовлари Андижон шаҳридаги Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, “Баркамол авлод” стадиони, Теннис корти майдонларида бўлиб ўтди, – дейди Давлат тест маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Низомиддин Тоштемиров. – Тест синови билан боғлиқ барча жараёнлар белгиланган тартиблар асосида ўтказилди. Тест синовлари ўтказилишига мутасаддилар устидан ёки жараёнда белгиланган тартибларнинг бўлганлиги юзасидан ариза ва шикоятлар келиб тушмади. Жараённинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун тест синови ўтказилаётган ҳудудлар камера кузатуви билан таъминланди. Бундан ташқари, ота-оналар, умуман, кенг жамоатчилик учун тест синови жараёнини онлайн кузатиб бориш имкони яратилди. Абитуриентларнинг соғлиги тиббиёт ходимлари томонидан доимий назорат қилиб борилди. Шунингдек, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси томонидан ногиронлик аравачалари олиб келиниб, тест синовларида иштирок этаётган жисмоний имконияти чекланган шахсларга хизматлар кўрсатилди. Жараёнда абитуриентларга сув, ручка ва махсус бош кийими (кепка) берилиши ташкил этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА