Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда “Театр ҳафталиги” тадбирлари бошланди
11:47 / 2023-03-23

Андижон вилояти Ёшлар театрида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди. Юртимизда Наврўз байрами шукуҳи кезаётган шу кунларда 27 март – Халқаро театр куни олдидан “Театр ҳафталиги” тадбирлари бошланди.

Театр ихлосмандлари, маҳаллалар вакиллари, корхона, ташкилотлар ишчи ва ходимлари иштирокида “Театр ҳафталиги” очилишига бағишлаб ташкил этилган тадбирда ҳафталик доирасида олиб бориладиган ишлар, Ёшлар театри жамоасининг жорий йилдаги ижодий режалари ҳақида маълумотлар берилди.  

Тадбирда Андижон вилояти Ёшлар театри директори Б.Ҳамидов сўз олиб, барчани Наврўз байрами ҳамда театр ҳафталиги билан муборакбод этди.  

– Театр санъати инсонларни ҳамиша эзгуликка чорлаган, театр орқали орзу-умидлар баён этилган, турли иллатлар кўрсатиб берилган, – дейди Б.Ҳамидов. – Минг афсуски, кейинги ўн йилликларда юртимизда театр санъати бироз четга сурилиб қолганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз. Бугунги кунга келиб театр санъати яна ўз шуҳратини, мавқеини тикламоқда. Ўтказилаётган театр ҳафталиги тадбирлари ҳам аҳоли, айниқса, ёшларнинг театр санъатига бўлган қизиқишларини оширишга, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.  

Тадбирдан сўнг Ёшлар театри жамоасининг Ҳ.Ҳ.Ниёзий асари асосида режиссёр Ғ.Мирзамаҳмудов томонидан саҳналаштирилган “Майсаранинг иши ёхуд бурунги қозилар” номли спектакли намойиш этилди. Театрнинг маҳоратли артистлари ижросидаги спектакль театр ихлосмандларига манзур бўлди. Вилоятдаги театр жамоалари томонидан ҳафталик давомида бепул театр томошалари қўйилиши белгиланган.  

Ф. Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (сурат), ЎзA