Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда талабалар тўлиқ турар-жой билан таъминланганми?
14:03 / 2023-09-01

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ахборот хизмати ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Андижон вилоятидаги олий таълим муассасаларига талабаларни турар-жой билан таъминланиши масалалари юзасидан пресс-тур ташкил этилди.

Кейинги йилларда Андижон вилоятидаги олий ўқув юртлари талабаларини ётоқхона, турар-жой билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Пресс-тур қатнашчиларига бу борада олиб борилаётган ишлар бўйича маълумот берилди.

Айни пайтда вилоятдаги 10 та давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларида 60 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олади. Бугунги кунда  уларнинг 10 минг нафарга яқини олий ўқув юртларига қарашли талабалар турар жойларида истиқомат қилади. Бир қанча талабалар эса институтларга яқин ҳудудлардаги хонадонларда ижара асосида яшаб келмоқда. Уларга олийгоҳлар томонидан ижара пуллари тўлаб берилмоқда.  

Жорий йил бошида талабаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжи ўрганилганида яна 12,5 минг нафардан ортиқ талаба турар жойга муҳтож эканлиги маълум бўлган эди. Ана шундан келиб чиқиб талабаларни ётоқхона билан таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.  

Вилоятда 2022-2025 йилларда давлат-хусусий шерикчилик дастури асосида бир нечта талабалар ётоқхоналари барпо этиш кўзда тутилган. Янги ўқув йили арафасида Андижон машинасозлик институтида 523 ўринли юқоридаги дастур асосида барпо этилган замонавий талабалар ётоқхоналари фойдаланишга топширилди.  

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Андижон давлат университети бўлиб, давлат хусусий шерикчилиги асосида қурилиб фойдаланишга топширилган 400 ўринли талабалар турар жойида яратилган шароитлар, шунингдек, университет маблағлари ҳисобига барпо этилаётган 600 ўринли талабалар ётоқхонасининг қурилиш жараёнлари билан танишди.

– Ҳозирда Андижон давлат университетида 7 минг 75 нафар талаба таҳсил олади, – дейди университетнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Хуршидбек Хўжамбердиев. – Ўрганишларда талабаларимизнинг 2 минг 508 талабанинг турар жойга эҳтиёжи борлиги маълум бўлди. Бугунги кунда университетимизда умумий ҳисобда 6 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, шундан, 5 таси университетга қарашли бўлса, биттаси давлат-хусусий шерикчилиги асосида фаолият кўрсатади. Мавжуд ётоқхоналарга 3 минг 532 нафар талаба жойлаштирилган.  

Шундан сўнг пресс-тур қатнашчилари Андижон давлат тиббиёт институтида бўлди.

[gallery-13395]

Институтда давлат хусусий шерикчилиги асосида бунёд этилган 5 қаватли, барча қулайликларга эга, замонавий “Талабалар уйи”да яратилган шарт-шароитлар билан танишилди. Мазкур талабалар турар жойининг биринчи қаватида миллий таомлар тайёрловчи ошхона ташкил этилган.

Умуман, институтда ҳозирда 4 та талабалар ётоқхонаси бўлиб, шундан учтаси институтга қарашли бўлса, биттаси давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият кўрсатмоқда. Умуман, 2023-2024-ўқув йилига тайёргарлик доирасида талабалар ётоқхоналарига энг аввало, олис ҳудудлардан келиб таҳсил олаётган талабаларни жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтидаги мавжуд талабалар турар жойида 1 минг 312 нафар талаба яшамоқда. Шу кунларда  давлат шерикчилик асосида барпо этилган 600 ўринли ётоқхонада таъмирлаш ишлари якунланиб, жиҳозланмоқда. Янги ўқув йили бошида ушбу ётоқхонага талабалар жойлаштирилади. Бундан ташқари, 120 нафар талабани ижара хонадонларга жойлаштириш масаласи ҳал этилмоқда.  

Институтнинг барча ётоқхоналари ишга туширилгандан сўнг 2 минг 562 нафар талаба турар-жой билан таъминланади.

Пресс-тур қатнашчилари Андижон машинасозлик институтида бўлиб, мавжуд талабалар турар жойлари, уларда яшовчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.  

Айни кунда 3 минг 571 нафар талаба таҳсил олаётган институтда 3 та талабалар турар жойи мавжуд. Шундан 2 таси инситутга қарашли, биттаси давлат-хусусий шерикчилиги асосида фаолият кўрсатади.

Институтда давлат-хусусий шерикчилиги асосида қурилиб фойдаланишга топширилган турар-жой 500 ўринли бўлиб, шундан 400 тасида талабалар яшайди. Қолган 100 та ўрин эса талабаларни кўриш учун келган ота-оналарга меҳмонхона сифатида фойдаланишга мўлжалланган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, келгуси йилда институтда 800 ўринли яна бир талабалар ётоқхонаси ҳамда 600 ўринли ўқув биноси фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.  

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари талабалар турар жойлари, талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш масалалари бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга олий ўқув юртларининг мутасадди ва масъуллардан батафсил жавоблар олди.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА