Андижонда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ассоциациянинг Андижон вилояти ҳудудий бўлими мутасаддилари, туман, шаҳар бўлинмалари раҳбарлари, уюшма аъзолари иштирок этган давра суҳбатида мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Айни кунда ассоциация вилоят ҳудудий бўлими сафига 1 минг 700 нафарга яқин фаол ва илғор тадбиркор аёл бирлашган. Уларнинг 401 нафарини ёш тадбиркор, 367 нафарини якка тартибдаги, 112 нафарини оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчи, 218 нафарини фермер, 554 нафар ишлаб чиқариш йўналишида иш олиб бораётган хотин-қизлар ташкил этади.
– Ассоциация томонидан аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ва жамоат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова.
[gallery-2052]
– Айниқса, опа-сингилларимизни молиявий, ахборот ресурслари билан таъминлаш, бозор муносабатларида муваффақиятли иштирок этиши учун қулай шароитлар яратиш, уларда тадбиркорлик билим ва кўникмаларини шакллантириш, қайта ўқитиш, малакасини ошириш ва касбга ўргатиш борасида ўтказилаётган ўқув семинарларимиз ижобий натижалар бермоқда.
Биргина Андижон вилоятида кейинги уч йил давомида қатор лойиҳалар доирасида вилоятдаги 2,5 минг нафардан зиёд хотин-қиз турли йўналишлар бўйича ўқитилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат муносабатлари ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида қатор маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар “Ғоядан бизнес режагача” деб номланган қисқа муддатли тадбиркорлик ўқув курсларида ўқитилди. Уларга тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, бизнес-режа тайёрлаш, иқтисодий самарадорликка эришиш, кредит олиш, солиқ имтиёзлари бўйича зарур тушунча, тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Давра суҳбатида тадбиркор аёллар сафини кенгайтириш, ассоциациянинг туман, шаҳар бўлинмалари фаолиятини кучайтириш, субсидия, давлат грантлари асосида янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, “Темир дафтар”да турувчи хотин-қизларни ўқитиб, уларга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишларига кўмаклашиш сингари қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир доирасида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлимига янги раис тайинланди. Ушбу вазифага ҳозирга қадар вилоят ҳудудий бўлими ижрочи директори бўлиб ишлаб келаётган Наргиза Мирзалимова тайинланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА