Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатида доимий асосда ишловчи, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, ҳорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов иштирокида Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида депутатлар, аҳоли вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Жалақудуқ тумани хокимлиги мажлислар залида Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, ҳорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р. Алимов ҳамда Сенатнинг Ёшлар масалалари, маданият ва спорт қўмитаси аъзоси А. Ғаниев иштирокида ўтказилган семинар йиғилишда Халқ депутатлари Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Булоқбоши туманлари, Хонобод шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари аъзолари иштирок этди.
[gallery-3108]
Йиғилишда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларига оид кўплаб қонунлар қабул қилинаётганлиги, мазкур ҳужжатлар ўз йўналишидаги ишларни тартибга солиш билан бирга, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга, юртимиз тараққиётини ривожлантиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Семинар тарзида ўтган йиғилишда сенаторларнинг Олий Мажлиси Сенатининг 16-ялпи Мажлисида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги, "Расмий статистика тўғрисида"ги, "Судлар тўғрисида"ги, "Давлат тили тўғрисида"ги қонунлари ва бошқа қонун хужжатларининг мазмун-моҳияти, аҳамияти юзасидан маърузалари тингланди.
Иштирокчилар маърузалар, умуман, янги қонунлар мазмун-моҳияти, уларни кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш ва бошқа масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга сенаторларда батафсил жавоблар олди. Мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА