English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда сайёр қабул
16:32 / 2024-02-29

Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этишлари учун зарур барча шароит яратилган. Айниқса, инсон қадри улуғланаётган юртимизнинг ҳар бир куни тинч-осойишта ўтаётганлиги, одамларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар юртдошларимизни беҳад қувонтирмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров ҳазратларининг Андижон вилоятидаги сайёр қабули ҳам аҳолининг турли масалалардаги муаммоларини ҳал этишга хизмат қилди. 

Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров Андижон сафарининг биринчи кунида Андижон шаҳридаги Девонавой жоме масжидида намозхонлар билан учрашиб, муқаддас Рамазон ойи яқинлашиб келаётгани, бу ойга ҳар бир мўмин-мусулмон маънавий тайёргарлик кўриши ҳақида гапирди. Хусусан, гуноҳлар мағфират бўладиган бу ойни эзгу ниятлар билан кутиб олиш, ёмон иллатлардан воз кечиш, гина-кудуратларни унутиб, қалбни яхшиликлар ила тўлдириш кераклигини таъкидлади. Ушбу муборак ойда муҳтож ва кам таъминланган, жисмоний имконияти чекланган, бева-бечора ва етимлардан хабар олиб, уларга хайру саховат, ота-она ва яқин қариндошларига силаи раҳм кўрсатиш улуғ савоблардан эканлиги айтиб ўтилди. 

Андижон вилоятидаги жоме масжидларда Рамазон ойига тайёргарлик жараёнлари бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди. Хусусан, масжидларда ободонлаштириш ишлари ва мўмин-мусулмонларнинг ибодат қилишлари учун зарур шарт-шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. 

Шунингдек, сайёр қабулда эллик нафардан зиёд юртдошимизнинг масжид-мадрасалар фаолияти, ижтимоий ҳимоя, моддий кўмак олиш, даволаниш, дори-дармон учун маблағ ажратилиши, ўқиш учун контракт пулини қоплаш, никоҳ, уй-жой, ҳаж-умра масалалари ҳамда оилавий муносабатлар юзасидан мурожаатлари тингланди, ҳал этиш чоралари кўрилди.

Сафар давомида муфтий ҳазратлари Андижон шаҳридаги "Сайид Муҳйиддин маҳдум" ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб, қори ва талабалар билан суҳбат ўтказди. Шунингдек, масжидлар имом-хатибларининг маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда олиб бораётган иш жараёнлари билан танишди. 

Халқни рози қилиш йўлидаги сайёр қабул ва ўтказилган мулоқотлар Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган ислоҳотлар, диний жабҳадаги ижобий ўзгаришларнинг ёрқин намунасидир. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари