Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда савдо ярмаркалари ташкил этилди
21:22 / 2022-03-16

Наврўз умумхалқ байрами арафасида Андижон шаҳрининг қатор ҳудудларида савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Андижон шаҳрининг Марказий ҳамда Деҳқон бозори, шунингдек, 13 та маҳалла гузарида иш бошлаган озиқ-овқат савдо ярмаркалари расталаридан “Андижонгўштсутсавдо”, “Андижонбалиқ” масъулияти чекланган жамиятлари, вилоятдаги агрофирмалар, паррандачилик корхоналари ва савдо ташкилотларининг маҳсулотлари ўрин олган. Шунингдек, фермер хўжаликлари, деҳқонлар томонидан етиштирилган мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган.

Ҳамюртларимизнинг байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу савдо ярмаркалари шаҳар аҳолиси учун катта қулайлик яратмоқда. Қолаверса, савдога қўйилган маҳсулотлар нархи бозордагига нисбатан арзон. Бундан ташқари, намунали хизмат кўрсатилиши, пластик карталар орқали ҳам савдолар йўлга қўйилганлиги кўпчиликка манзур бўлмоқда.

[gallery-6177]

– Ярмаркадаги маҳсулотларнинг бозорга нисбатан 20-25 фоиз арзон нархда сотилаётганлигидан хурсандмиз, – дейди Андижон шаҳридаги Иқбол маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, меҳнат фахрийси Мухаррамхон Худойбердиева. – Бир килограмм мол гўштини 55 минг сўм, тухумнинг донасини 900 сўм, товуқ гўштининг килосини 22 минг сўм, балиқ гўштини 13-25 минг сўм, гуручни 8 минг сўм, пахта ёғини 17 мингдан сотиб оляпмиз. Бу бизга байрам туҳфаси бўлди.

Халқимиз учун меҳр-оқибат, эзгулик тимсолига айланган Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этилган мазкур савдо ярмаркалари аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, байрам арафасида нарх-навонинг ошиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.

Савдо ярмаркалари очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА