Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда республика ишчи гуруҳи тарғибот тадбирлари ўтказди
12:28 / 2026-01-21

Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномаси ҳамда жорий йил 13 январь куни Президент, мамлакат Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар тарғиботига бағишланган маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда республика ишчи гуруҳи аъзолари, олимлар, маънавият тарғиботчилари, ҳарбий қисм офицер ва аскарлари иштирок этди. Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқи институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори Муродил Баратов ва бошқа мутасадди мутахассислар томонидан Президентнинг Олий Мажлис ва халққа йўллаган мурожаатномаси мазмун-моҳияти, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатни ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор йўналишлар ва муҳим вазифалар ҳақида кенг тушунча берилди.

Шунингдек, тадбирда мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Миллий армияни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-руҳий тайёргарлик даражасини ошириш ҳамда ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент ташаббуси билан ҳарбий қисмларда асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилиши, дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, касб сертификати олиши, шунингдек, ҳар йили 5 минг аскар “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида таълим олиши белгиланди. Умуман, ҳарбий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши алоҳида қайд этилди.

Ўтказилган маърифий учрашув ҳарбий хизматчиларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаёти ҳамда ҳарбий соҳадаги давлат сиёсатига оид билим ва тушунчаларини бойитиш билан бирга, уларнинг қалбида ватанга ҳурмат, тинчликка шукроналик ва бурчга садоқат туйғуларини мустаҳкамлади.

Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятнинг турли ҳудудларида бу каби тадбирлар давом эттирилмоқда.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари