Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида регби бўйича 15 ёшли ўсмирлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Регби бўйича мамлакат кубоги мусобақасида ўсмирлар ўртасида республикамизнинг 10 та вилояти жамоаси, қизлар ўртасида 7 та вилоят ва Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.


Қизиқарли ва муросасиз баҳслар асосида ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, ўсмирлар ўртасида биринчи ўринни қўлга киритган Наманган вилояти жамоаси Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Иккинчи ўрин Навоий вилояти, учинчи ўрин эса Тошкент шаҳри жамоаларига насиб этди.


Қизлар ўртасида барча жамоалардан устун келган Хоразм вилоятининг ёш регбичилари мамлакат кубогини қўлга киритди. Мусобақада иккинчи ўринга Наманган, учинчи ўринга Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари сазовор бўлди.

Мусобақа якунида спортнинг регби тури мамлакатимизда тобора оммалашиб бораётганлиги таъкидланиб, ушбу спортни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган мутасадди ва мураббийларга миннатдорчилик билдирилди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари кубок, тегишли медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари