Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда Рамазон ҳайити кенг нишонланади
16:56 / 2023-04-20

Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Бугун халқимизга мана шундай асрий орзулар рўёбини туҳфа этган улуғ неъмат – истиқлолимизга, тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳар бир юртдошларимиз қалбида жўш урмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган  “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида” ги қарорида халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бири бўлган муборак Рамазон ҳайитининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, ушбу улуғ байрамни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида тегишли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш, қолаверса, Рамазон ҳайити байрамини юқори савияда ўтказиш учун Андижон вилоятида ҳам зарур барча ишлар амалга оширилди.  

Фуқароларимиз қалбига байрам шукуҳини сингдириш, мамлакатимизда юрдошларимизнинг ибодат қилишлари, зиммаларидаги диний амалларни адо этишлари учун яратиб берилаётган  имкониятларни тушунтириш мақсадида диний идоралар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Маънавият-тарғибот маркази, ички ишлар бўлимлари, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда, масжидларда кенг кўламли ободонлаштириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.  

Рамазон ҳайити намози вилоятдаги 178 та жоме масжиди ҳамда “Сайид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юртида ўқилади. Ҳайит намози ўқиладиган масжидлар тахт ҳолатга келтирилиб, намозхонлар учун зарур барча шароит ва қулайликлар яратилди.  

Ҳайит намози ўқиладиган масжидларда тозалик, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар кўрилди. Бу борадаги аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Бундан ташқари, аҳолига байрамона ва кўтаринки кайфият улашиш мақсадида масжидларга киши руҳиятини кўтарувчи шиор ва паннолар ўрнатилди.  

[gallery-11535]

Бир сўз билан айтганда, Рамазон ҳайити байрами вилоятда кўтаринки кайфиятда ўтиши учун зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (фото)

ЎзA