English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда қанча автомобиль йўли таъмирланди?
10:32 / 2026-01-05

Ҳар бир ҳудуд қиёфасини белгилайдиган муҳим омиллардан бири – йўл инфратузилмасидир. Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ободончилик ва бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда йўллар қуриш, мавжуд йўлларни таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда кўплаб йўллар жорий ва капитал таъмирдан чиқарилиб, янги йўллар барпо этилмоқда. Ушбу йўналишда Андижон вилоятида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда Андижон вилоятида 13 минг 305 километр узунликдаги автомобиль йўли мавжуд. Шундан 2 минг 422 километри умумий фойдаланишдаги автомобиль, 10 минг 883 километри эса ички йўллар ҳисобланади. 

– Якунланган 2025 йилда вилоятда турли тоифадаги йўлларни таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Мирзоҳид Нурматов. – Жумладан, йил давомида турли дастурлар доирасида 568 миллиард сўм миқдоридаги йўлишларини бажариш ҳисобига 1 минг 223 километр автомобиль йўли таъмирланди, қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

Шу жумладан, инвестиция дастури доирасида 125 миллиард сўмлик ишлар бажарилиб, 21 километр автомобиль йўли таъмирланди.

Таъмирлаш дастурлари доирасида эса 1 минг 200 километр йўл таъмирланди. Шундан 430 километри умумфойдаланишдаги автомобиль, 773 километри ички йўллар ҳисобланади. Ушбу ишларни бажариш учун 443 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди. 

Автомобиль йўлларини таъмирлаш билан бир қаторда, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчи ва пиёдаларга қулайликлар яратиш мақсадида 21 та жойга светофор, 6 километр масофадаги йўлга йўналишларни ажратувчи махсус тўсиқлар, 2 жойга маълумотлар бериб турувчи электрон табло ўрнатилди, 47 километр узунликдаги пиёдалар ва велосипед йўлакчалари қурилди. Бундан ташқари, йўл четларига 5 мингга яқин йўл белгилари қўйилди ва янгисига алмаштирилди. 

Вилоятдаги умумфойдаланув автомобиль йўлларида 630 та кўприк бўлиб, ўтган йил давомида уларнинг 11 таси таъмирланди. Шундан 4 таси қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

Бир сўз билан айтганда, вилоят йўлсозлари 2025 йилни самарали натижалар билан якунлади. Мавжуд автомобиль ва ички йўлларни таъмирлаш, ҳолатини яхшилаш борасидаги ишлар жорий йилда ҳам режа асосида давом эттирилади. 

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари