Андижон вилоятида ҳам пилла ҳосилини қабул қилиш ишлари бошланди. Вилоятда 1 550 килограмм ҳўл пилла ҳосили тарозига қўйилди. Жумладан, Асака туманида баҳорги мавсумда етиштирилган илк пилла ҳосилини қабул қилиш тадбири бўлиб ўтди.
“Asaka silk worm” МЧЖ корхонасида жойлашган пиллани қабул қилиш пунктида бўлиб ўтган тадбирда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳамда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси аъзолари, вилоят қишлоқ хўжалиги котибияти мудири У.Раҳимов иштирок этди.


Шунингдек, Избоскан туманидаги пилла қабул қилиш пунктида ҳам ҳосилни қабул қилиш ишлари бошлаб юборилди. Тадбирда Избоскан тумани ҳокими С.Исмоилов иштирок этиб, пиллакорларни қутлади.
Шундан сўнг касаначилар хирмони тарозига тортилди. Уларнинг меҳнат ҳақлари жойида берилди ва энг фаол пиллакорларга эсдалик совғалари улашилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Андижон вилоятида жорий баҳорги пилла етиштириш мавсумида 57 минг 387 қути ипак қурти боқилиб, шундан 3 минг 328 тонна ҳўл пилла ҳосили олиш режа қилинган.


Гулноза Бобоева, ЎзА