Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларидаги барча маҳаллаларда вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан 2021 йилнинг декабрь ойи давомида ўтказилган “Ўзбекистон ёшлар форуми–2021” лойиҳасида 1 миллиондан зиёд ёшлар иштирок этди.
Форум доирасидаги лойиҳа ва тадбирлар режаси “маҳаллабай” тартибда ишлаб чиқилиб, унда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигига кўмаклашиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятларини ошириш, уларнинг IT соҳасига қизиқишини қўллаб-қувватлаш мақсади илгари сурилди.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилги тадбирларга “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар, “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари, кам таъминланган, бандлиги таъминланмаган, имконияти чекланган, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, профилактик ҳисобда турган ёшлар кўпроқ жалб этилди.
Форум доирасида вилоятда имконияти чекланган ёшлар учун “Эътибордагилар” лойиҳаси, “Бизни меҳр бирлаштиради!” акцияси ўтказилди. Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган ёшларни пазандачилик, сартарошлик, рассомчилик, дизайнерлик, тўқувчилик, тикувчилик каби касб-ҳунарга ўқитиш учун “Инклюзив таълим маркази” фаолияти йўлга қўйилди.
[gallery-5268]
“Мунозара” дебат мусобақаси, “Конституция билимдони” онлайн викторинаси, “Йилнинг энг фаол ёшлар етакчиси” кўрик-танлови “Заковат” интеллектуал ўйини каби интеллектуал салоҳиятни оширишга хизмат қилувчи танловлар ўтказилди. Қувонарлиси, “Мунозара” дебат мусобақасининг республика босқичида вилоят ёшлари фахрли 1-ўринни эгаллади.
Шунингдек, “Улоқ-кўпкари”, “Street workout” каби спорт мусобақалари, “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалида ёшлар фаол иштирок этди. Хусусан, “Улоқ-кўпкари” мусобақасининг республика босқичида вилоят полвонлари фахрли 1-ўринни қўлга киритди. “Street workout” спорт мусобақасининг мамлакат босқичида иштирок этган Зуфарбек Жалолиддинов ҳам 1-ўринга сазовор бўлди.
Тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар учун “Бизнес саёҳат”, “Start up Investor” лойиҳалари ташкил этилди. Маданият ва санъат йўналишида эса “Street dance”, “Street art” ҳамда “Илҳом парвози” лойиҳалари, жонли ижродаги “Open Air” концерт дастури ташкил этилди.
Форумнинг якуний босқичи Aндижон шаҳридаги «Ёшлар маркази»да ўтказилди. Унда форумнинг фаол иштирокчилари муносиб рағбатлантирилди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА