Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда мустақиллик байрами катта шодиёна билан нишонланди
12:21 / 2022-08-31

Андижон шаҳридаги А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғидаги амфитеатрда Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида ўтказилган бадиий-мусиқий, театрлаштирилган байрам тадбири Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси садолари билан бошланди.  

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан таклиф этилган давлат, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган андижонликлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, фаол ёшлар иштирокида ўтган байрам тадбирида сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов барча андижонликларни мустақилликнинг ўттиз бир йиллик байрами билан муборакбод этиб, мустақиллик йилларида мамлакатимизда, хусусан, вилоятда қурилиш, бунёдкорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилганлигини таъкидлади.  

– Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда ҳаётимизда, шууримизда юз бераётган ўзгаришлар андижонликларни янада юксак марралар сари илҳомлантирмоқда, – деди вилоят ҳокими. – Бу меҳнатларимиз, эришаётган натижаларимизда ўз аксини топмоқда. Вилоятимиз улкан қурилиш майдонига айланди, кўплаб янги-янги корхона, турар-жойлар, йўл ва кўприклар, инфратузилма объектлари, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда.  

Жорий йилда вилоятда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида қиймати 1 триллион сўмдан зиёд бўлган 128 та объектни қуриш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Жумладан, Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қиймати 360 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу объектда ҳозирги кунга қадар қарийб 115 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди.

Ёшларимизни спортга бўлган қизиқишларини ошириш, спорт билан шуғулланишлари учун янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида Андижон шаҳридаги “Универсал спорт” мажмуаси қурилиши якунига етмоқда. Қиймати 185 миллиард сўмни ташкил этган ушбу мажмуа жаҳон стандартларига тўла жавоб берувчи, бир вақтнинг ўзида 500 нафардан ортиқ ёшларга спортнинг 17 тури бўйича машғулотлар олиб бориш имконини беради. 

Андижон шаҳрида темир йўл устидан ўтувчи Бобур шоҳкўчасининг иккита қисмини туташтирувчи, қиймати 316 миллиард сўмлик кўприк қурилиши амалга оширилмоқда. 

Жорий йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятдаги 32 та маҳаллада умумий қиймати 370 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш олиб борилмоқда. Шунингдек, шаҳар ва туманларнинг 16 та марказий кўчаларида ҳам кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. 

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йилда 6 мингдан ортиқ хонадонли уй-жойлар барпо этилган бўлса, жорий йилда 7 мингдан зиёд хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. 

Бу борада, айниқса, “Янги Андижон” шаҳрини барпо этиш борасидаги ишларни алоҳида таъкидлаш ўринли. Лойиҳанинг биринчи босқичида ҳудудда 2 минг хонадонли 74 та кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда. Ушбу массивда уй-жойлар билан бирга аҳоли учун зарур инфратузилма объектлари - 420 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 1 минг 680 ўринли мактаб, 250 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ҳамда 2 минг иш ўрнига эга бўлган трикотаж фабрикаси барпо этилди. Бундан ташқари, 3 минг квадрат метр майдонда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплекси, йўл-коммуникация инфратузилма объектларида ишлар олиб борилмоқда.  

“Янги Андижон” шаҳрининг 120 гектар майдонига 80 мингдан зиёд кўчатлар экилиб, яшил ҳудудлар барпо этилди. Умумий майдони 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг 2 минг гектар қисмида уй-жой, ижтимоий, хизмат ва сервис объектлари қурилади, яна шунча майдонда яшил ҳудудлар барпо этилади. 

[gallery-8598]

Вилоят ҳокими вилоятда жуда кўп соҳаларда эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги, умуман, андижонликлар мустақилликнинг ўттиз бир йиллик тўйини ўзига хос ютуқлар билан нишонлаётганлигини таъкидлади.  

Шундан сўнг Президентимиз фармонига асосан, турли давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ андижонликларга орден ва медаллар, меҳнат илғорларига эсдалик совғалар, “Маҳалла ифтихори” кўкрак-нишони соҳибларига сиҳатгоҳда дам олишлари учун бепул йўлланмалар топширилди.  

Тадбирнинг бадиий қисмида болажонлар, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, бадиий жамоалар, миллий-маданий марказлар вакиллари, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган рақс, куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.  

Юртдошларимизга байрам шукуҳини ҳадя этаётган бу каби тантаналар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, маҳаллалари, меҳнат жамоаларида бўлиб ўтмоқда.  

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,  
Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат), 
ЎзА