Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда маҳалла ёшлари ўртасида “мен ўқиган китоб” танлови ўтказилди
11:46 / 2020-12-06

Андижон давлат университетининг Ахборот-ресурс марказида маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилган “Мен ўқиган китоб” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 2020 йилнинг II ярим йиллигига мўлжалланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалари ижросини таъминлаш, маҳалла ёшлари ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини ошириш, буюк аллома, адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий мероси, умумбашарий цивилизация, илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган асарларини, уларнинг ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида Андижон вилоятидаги маҳалла ёшлари ўртасида уч босқичда “Мен ўқиган китоб” кўрик-танлови ўтказилди.

– Танловнинг маҳаллалараро босқичида вилоятдаги 880 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 1 минг 500 нафардан зиёд, туман, шаҳар босқичларида эса 154 нафар ёшлар иштирок этди, - дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилшодбек Тожибоев. – Кўплаб ёшлар катта қизиқиш билан қатнашган мазкур танлов маҳаллаларда китобхон ёшлар сафини кенгайтиришга хизмат қилди.

Туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 нафар иштирокчи “Буюк мутафаккир адиб”, “Бадиий асарлар билимдони”, “Шеърият” ҳамда “Конститутция билимдони” шартлари асосида танловнинг вилоят босқичида ғолиблик учун ўзаро беллашди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, 1-ўринни Шаҳрихон тумани “Сарой” маҳалла фуқаролар йиғини вакили Мохларой Иброҳимова қўлга киритди. Иккинчи ўринга Андижон шаҳридаги “Истиқлол” маҳалласи вакили Гулжаҳон Юлдашева, учинчи ўринга Булоқбоши туманидаги “Гулистон” маҳалласи вакили Хумоюнмирзо Муҳаммадқобулов сазовор бўлди.

– Китоб ўқиш менинг энг севимли машғулотим, – дейди танлов ғолибаси Моҳларой Иброҳимова. – Шу боис ҳам жуда кўп китоб ўқийман. Менимча, инсон қанча кўп китоб ўқиса, тафаккури юксалиб, дунёни, ҳаётни шунчалар теранроқ англаб бораверади. Тенгдошларимга бўш вақтларида телефон, интернет билан машғул бўлмасдан фақат китоб ўқишларини тавсия қиламан. Чунки кўп китоб ўқиган киши ҳаётда албатта ўз ўрнини топа олади.

Якунда танловнинг ғолиб ва иштирокчилари вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг диплом ва фахрий ёрлиқлари ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМУРЗОҚОВ, ЎзА