Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Маҳалла фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини, қолаверса, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш институти сифатида ҳам алоҳида мавқега эга.
Маҳалла ўз фаолиятида одамларнинг ўй-фикрлари, орзу-истаклари ва манфаатларини ифодалайди. Барча ишлар ана шу муқаддас маскандан бошланади. Маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларни ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик асосида турмуш кечиришларини таъминловчи гўша ҳисобланган.
Катта ҳаётий тажрибага эга бўлган оқсоқоллар, кўпни кўрган нуронийлар маҳалладаги барча ишларни, маросиму тўйларни бошқарган. Маҳалла аҳлига барча масалаларда йўл-йўриқ, маслаҳатлар берганлар. Ҳар бир оиланинг тинч-тотувлиги, ҳар бир кишининг одоб-аҳлоқи, ҳулқи, юриш-туриши маҳалла катталари томонидан назорат қилинган. Шу маънода айтиш мумкинки, маҳалла мазмун ва моҳиятига кўра халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари улуғланадиган ўзига хос тарбия ва бошқарув маскани ҳисобланади.
[gallery-11114]
Кейинги йилларда юртимизда маҳалла фаолиятининг ана шу ўзига хос жиҳатлари ва ташкилий асосларини такомиллаштириш, маҳалла томонидан амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, аҳолини аниқ мақсад сари йўналтириш орқали маҳаллани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, нуфузи ва ваколатларини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни деб белгиланган.
Андижон вилоятида айни пайтда 909 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият олиб бормоқда. Маҳалла тизими ходимлари куни вилоятнинг туман ва шаҳарлари, маҳаллаларида юқори кўтаринкилик билан нишонланди.
Ушбу сана муносабати билан Андижон шаҳридаги Исломобод маҳалласида бўлиб ўтган тадбир Наврўз шодиёналарига уланиб кетди. Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, барчани байрам билан муборакбод этди, маҳалла фаолларининг юрт фаровонлиги йўлидаги фаолиятида омад тилади.
Тадбирда намунали иш олиб бораётган бир қатор маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоли ҳамда ёшлар етакчилари “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Марҳамат туманидаги 48 та маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари иштирокида “Бобохуросон ота” зиёратгоҳида ташкил этилган тадбирда тизим ходимларининг самарали меҳнатлари эътироф этилди, эҳсон оши тарқатилди. Туман бош имом-хатиби бошчилигида тадбир иштирокчилари томонидан юртимизга тинчлик-фаровонлик, юртбошимиз ва халқимизга саломатлик, элимиз дастурхонига тўкинлик, деҳқончилигимизга қут-барака тилаб, дуо қилинди.
Андижон туманида бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизда аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш, бир сўз билан айтганда, халқимизни бугунидан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш ва эртанги кунига ишончини янада мустаҳкамлаш давлатимиз томонидан олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг муҳим бўғинига айланганлиги, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда маҳалла тизимининг ўрни ва роли муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбирда тизимда иш олиб бораётган фаоллар, айниқса, "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони билан тақдирланган “Миробод”, “Султонобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда "Шуҳрат" ордени билан мукофотланган Садда таги маҳалласи ҳоким ёрдамчиси А.Абдуманноповнинг самарали меҳнатлари алоҳида эътироф этилди.
Маҳалла тизими ходимлари куни Балиқчи туманидаги 66 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кенг нишонланди. Байрам тадбирлари “Ботир” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги барпо этилган биноси очилиши билан бошланди. Наврўзи олам ҳамда Маҳалла куни муносабати билан бир гуруҳ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзанларининг суннат тўйи ўтказилди.
Хонобод шаҳридаги 15 та маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган тадбирда шаҳар ҳокими Машъалбек Тожибоев иштирокчиларни байрам билан муборакбод этиб, намунали иш олиб бораётган бир гуруҳ фаолларга совға-саломлар топширди. Байрам доирасида маҳалла фаоллари, нуронийлар учун байрам дастурхони ёзилди.
Олтинкўл туманидаги тадбирлар доирасида туман ҳокими Муҳаммадмусо Обидов бошчилигидаги бир гуруҳ маҳалла фаоллари Ўзбекистон Қаҳромони, марҳум Сиёсатхон Абдулаеванинг хонадонида бўлди. Узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилган, маҳалла иши учун ҳамиша камарбаста бўлган марҳума Сиёсатхон онанинг хотираси, ибратли ишлари ёдга олинди. Тумандаги 59 та маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирокида тадбир Наврўз шодиёналарига уланди, бир гуруҳ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзанларининг суннат тўйи ўтказилди.
Маҳалла тизими ходимлари куни вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида юқори кўтаринкилик билан нишонланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА