Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда куз мавсумида қанча кўчат экилди?
12:28 / 2025-12-02

Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида жорий йил куз мавсумида 9 миллион 578 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш кўзда тутилган бўлиб, айни кунларда кўчат экиш ишлари режа асосида олиб борилмоқда.

– Умуман, жорий йилда вилоятда 15 миллион 358 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиши мўлжалланган, – дейди Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ҳокимхон Максумов. – Баҳор мавсумида 10,9 миллион туп кўчат экилиб, белгиланган режа 114 фоизга бажарилди.  

Жорий йилда экилиши белгиланган кўчат ва қаламчалар умумий ҳажмда бир неча йўналиш бўйича тақсимланган. Жумладан, 1 миллион 509 минг тупи фермер хўжаликлари ҳамда пахтачилик-ғаллачилик кластерлари далалари четларига, 3 миллион 825 минг тупи боғ, токзор ва янги тутзорлар барпо этишга йўналтирилади.

Шунингдек, 2 миллион 250,6 минг туп кўчат маҳаллалардаги бўш ерлар, йўл четлари ва аҳоли хонадонларига, 567 минг тупи туман ва шаҳарларнинг ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ҳудудларга экилaди. Қолаверса, 203,1 минг тупи ариқ, канал ва дарёлар бўйларига, 181 минг тупи ўрмон фонди ерлари, автомобиль ва темир йўллари четларига, 510,1 минг тупи эса ижтимоий соҳа ва олий таълим муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳудудларига экиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 19 минг тупи чиқинди полигонлари атрофида иҳота дарахтзорларни барпо этиш,  421 минг туп кўчат атроф-муҳитга таъсир хавфи юқори ва ўрта даражадаги саноат корхоналари томонидан “яшил белбоғ”лар барпо этиш учун экилади. 

Шу кунларда куз мавсумида экилиши режалаштирилган ишлар якунига етмоқда. Ҳозирга қадар 8 миллион 571 минг туп кўчат экилиб, белгиланган режа 89 фоизга бажарилди. Экилган кўчатлар “Яшил макон” электрон платформасига киритиб борилмоқда.

Кўчат экиш жараёнида вилоятнинг иқлим ва тупроқ шароитига мос бўлган павлония, каштан, қайрағоч, қарағай, чинор, эман, терак сингари 20 га яқин турдаги дарахт кўчатлари экилишига алоҳида эътибор қаратилди. 

Лойиҳа доирасида экилган кўчатларни сақлаш, парваришлаш ва суғоришга масъул ҳамда мутасаддилар бириктирилиб, зарур ишлар олиб борилмоқда. 

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари.