Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда куз мавсумида қанча кўчат экилади?
15:06 / 2024-09-25

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида жорий йил куз мавсумида 5 миллион 780 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш кўзда тутилган бўлиб, айни кунларда кўчат экиш ишлари режа асосида олиб борилмоқда.

– Умуман жорий йилда вилоятда 15 миллион 400 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиши мўлжалланган, – дейди Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Азизбек Акбаров. – Баҳор мавсумида 9,5 миллион тупдан зиёд кўчат экилиб, белгиланган режа 112 фоизга бажарилди. Айни кунларда куз мавсумида кўчат экишни уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. 

Баҳор мавсумида экилган 10 миллион 700 минг тупдан ортиқ кўчатлар шаҳар ва туман ҳокимликларида ташкил этилган штаблар томонидан тўла “Яшил макон” электрон платформага киритилди.

Кўчат экиш жараёнида вилоятнинг иқлим ва тупроқ шароитига мос бўлган павлония, каштан, қайрағоч, қарағай, чинор, япон сафораси, терак, узум, шумтол ва бошқа мевали ҳамда манзарали кўчатлар экилишига алоҳида эътибор қаратилди. 

Жорий йилнинг ўтган даврида Андижон давлат ўрмон хўжалиги томонидан мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ҳамда соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларига 301 минг тупдан зиёд кўчатлар экиш учун бепул етказиб берилди. 

Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, жорий йилда 36,1 гектар ер майдонида “Яшил боғлар” барпо этиш режалаштирилган. 

Бугунги кунга қадар 13 та туман ва шаҳарда “Яшил боғ”ларни ташкил этиш учун ер майдонлари танланиб, ушбу ер майдонлари бўйича халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари томонидан тегишли қарорлар чиқарилди. Ўрмон хўжалиги агентлиги қошидаги “Ўрмонлойиҳа” лойиҳа институти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони ижроси доирасида 2022-2024 йилларда вилоят бўйича 16 та ҳудудда яшил жамоат паркларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, бу борада ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. 

Бугунга қадар Андижон, Хонобод шаҳарлари, Андижон, Асака, Балиқчи, Жалақудуқ, Избоскан, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Улуғнор ва Қўрғонтепа туманларида умумий майдони 34,5 гектар бўлган “яшил жамоат парк”лари ташкил этилди.

Шунингдек, жорий йилда Андижон ва Хонобод шаҳарлари атрофида 22,5 километр масофага манзарали дарахт кўчатлари экилиб, “Яшил белбоғ”лар ташкил этиш кўзда тутилган. Бугунги кунда шаҳарлар атрофида “Яшил белбоғлар”ни ташкил этиш учун “Ўрмонлойиҳа” лойиҳа институти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди, айни пайтда лойиҳани давлат экспертизасидан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

Барча туман ва шаҳарларда “Ҳокимлик боғ”лари барпо этиш бўйича манзилли дастур асосида туман, шаҳар марказларида 5,7 гектар ҳудудда “Ҳокимлик боғ”лари барпо этилиб, уларга 7 минг 500 тупдан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. 

Бундан ташқари, вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги мавжуд чиқинди полигонлари атрофида иҳота дарахтзорлари барпо этиш лойиҳаси доирасида 12 минг 200 тупдан ортиқ кўчат экилиб, иҳота дарахтзорлари барпо этилди. 

Вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни сақлаш, парвариш қилиш учун маҳаллалардан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқаролар жалб этилган. Шу билан бирга, туман, шаҳар экология давлат инспекторлари томонидан тегишли далолатномалар асосида ташкилот ва корхоналарнинг ўзлари эккан кўчатларни муҳофаза қилиш, парваришлаш ва суғориш тизимини жорий этиш бўйича корхона ҳамда ташкилотлар томонидан масъуллар бириктирилган. 

Шунингдек, вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш мақсадида шаҳар, туман Ободонлаштириш бошқармалари томонидан 30 миллион 900 минг дона райҳон ҳамда 250 минг дона размарин гул кўчатлари экилиши таъминланди. 

Cуғориш тизимларини ташкил этиш бўйича белгиланган дастурлар асосида жорий йилда экилган кўчатларнинг суғориш тизимини яхшилаш мақсадида 24 километр ирригация суғориш тизими ҳамда 16 дона сув чиқариш қудуғини ташкил этиш белгиланган. Бу борада бугунги кунга қадар амалда 40 километр суғориш тизими тортилиб, 9 дона сув чиқариш қудуғи ишга туширилди. 

Халқимизнинг “Кўчат экиш, боғ яратиш, хайрли ва савобли иш” деган ибратли сўзларига амал қилган кўплаб юртдошларимиз кўчат экиш, ҳудудларни яшил маконга айлантиришдек хайрли ишда фаол иштирок этмоқда. 

Айниқса, бугунги кунда кўчат экиш ишлари Андижон тумани адирликларида барпо этилаётган Янги Андижон шаҳри ҳудудида қизғин олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда меҳнат жамоалари, маҳаллалар аҳолиси каттаю кичик иштирок этиб, ҳудудда яшил майдонлар ташкил этиш ишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. 

Янги Андижон шаҳри ҳудудининг адирлик қисмидан 80 дан зиёд вилоят ташкилотларига 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратиб берилди. Ушбу майдонларга асосан, павлония ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. 

– Агар павлония кўчати 4Х4 схемада экилса, бир гектарга 600-650 туп кўчат экилади, – дейди Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бош мутахассиси Фахриддин Илмиддинов. – Ажратилган 35 гектар ер майдонига 20 минг тупдан зиёд павлония кўчати экиш мумкин бўлади.  

Вилоятда аввалги йиллар тажрибаларидан келиб чиқиб, келгусида экиш учун мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари, қаламчалар захираси яратиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни кунда Андижон давлат ўрмон хўжалиги ер майдонларида, вилоятдаги кўчатчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари, хусусий тадбиркорлар ҳамда аҳоли хонадонларида кўчатлар захирасини яратишга қаратилган ишлар ҳам олиб борилмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.