Андижонда коронавирусдан яна 6 киши тузалди
Андижон вилоятида коронавирус инфекцияси билан касалланган 127 шахс рўйхатга олинган.
Андижон вилоятида коронавирус инфекцияси билан касалланган 127 шахс рўйхатга олинган. Малакали шифокорлар назорати остида даволанаётган беморлар учун тиббиёт муассасаларида зарур барча шарт-шароитлар яратилган.
Фидойи шифокорларнинг саъйи-ҳаракати билан коронавирусга чалинганлар соғайишда давом этмоқда. Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган шахслардан яна 6 нафари хасталикдан бутунлай соғайди.
Халқаро стандартлар асосида олиб борилган даволаш муолажалари туфайли дарддан тўлиқ фориғ бўлган фуқароларнинг 4 нафари Андижон шаҳрида, 2 нафари Андижон туманида яшайди. Уларнинг 3 нафари врач, 2 нафари ҳамшира ва 1 нафари вояга етмаган шахсдир.
Ўтказилган лаборатория текширувлари натижасида уларда касаллик аломатлари кузатилмади. Энди касалликдан даволанган фуқаролар маълум вақт реабилитацияга кузатувда бўлади.
Соғайганлар вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида ўз уйларига кузатилди.