Андижонда халқаро теннис турнири якунланди
Андижон шаҳрида мукофот жамғармаси 25 минг АҚШ долларига тенг бўлган теннис бўйича эркаклар ўртасида “Фьючерс” туркумидаги ҳамда хотин-қизлар иштирокидаги ITF таснифидаги “Andijan Womеn” халқаро турнирлари якунланди.
Андижон шаҳрида мукофот жамғармаси 25 минг АҚШ долларига тенг бўлган теннис бўйича эркаклар ўртасида “Фьючерс” туркумидаги ҳамда хотин-қизлар иштирокидаги ITF таснифидаги “Andijan Womеn” халқаро турнирлари якунланди.
Ўзбекистон, Россия, Буюк Британия, Япония, Испания, Голландия, Эстония, Қозоғистон, Украина, Беларусь, Ҳиндистон, Исроил, Таиланд, Сербия, Никарагуа сингари йигирмадан ортиқ мамлакатдан келган юз нафарга яқин профессионал теннисчилар иштирок этган мусобақалар қизғин баҳсларга бой бўлди.
Эркаклар ўртасидаги турнир финалида россиялик Константин Кравчук голландиялик Ван Рижховер ўзаро куч синашди. Қизиқарли ва муросасиз ўтган баҳсда россиялик теннисчи ғалабага эришиб, мусобақа ғолибига айланди.
Аёллар ўртасидаги мусобақа финалида россиялик теннис устаси Камила Раҳимова ҳиндистонлик Путужа Ядлапалли билан ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди. Якунда россиялик теннисчи рақибасидан устун келиб, турнир ғолибасига айланди.
Эркаклар ўртасидаги жуфтлик мусобақаларида қозоғистонлик Тимур Хабибуллин ва украиналик Владислав Манафов жуфтлиги россиялик Маркос Коловелонис ва қозоғистонлик Григорий Ломакин устидан ғалаба қозонган бўлса, аёллар ўртасида никарагуалик Ейдис Чонг ва сербиялик Тамара Гурович жуфтлиги россиялик Амина Аншба ва чехиялик Анастасия Детюк устидан ғалабага эришиб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларни Андижон вилояти ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби Ирода Тўлаганова муборакбод этиб, мукофотлар топширди.