Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанимиз!” шиори остида ўтказилган бадиий-мусиқий, театрлаштирилган байрам тадбири Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси садолари билан бошланди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан таклиф этилган давлат, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган андижонликлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, фаол ёшлар иштирокида ўтган байрам тадбирида сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов барча андижонликларни мустақилликнинг ўттиз уч йиллик байрами билан муборакбод этиб, мустақиллик йилларида мамлакатимизда, хусусан, вилоятда қурилиш, бунёдкорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
[gallery-19019]
– Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда ҳаётимизда, шууримизда юз бераётган ўзгаришлар андижонликларни янада юксак марралар сари илҳомлантирмоқда, – дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Бу меҳнатларимиз, эришаётган натижаларимизда ўз аксини топмоқда.
Хусусан, вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 2016 йилда 16 триллион сўмни ташкил этган бўлса, кейинги йилларда олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг бошига келиб, ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 76 триллион сўмга етди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ўсиш уч баробарга ортди. Таъкидлаш жоизки, улкан қурилиш майдонига айланган вилоятда янги-янги корхона, тураржойлар, йўл ва кўприклар, инфратузилма объектлари, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилди.
Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида салмоқли ишлар олиб борилди. Жумладан, 2020 йилда вилоятда ишсизлар сони 150 минг нафарни, ишсизлик даражаси 11 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, ишсизлар сони 58 минг нафарга, ишсизлик даражаси эса 6 фоизга туширилди.
Камбағалликни қисқартириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2021-2023 йилларда аҳолининг камбағаллик даражаси 21,1 фоиздан 11,9 фоизга туширилиб, камбағаллик икки баробарга қисқарди. Жорий йилнинг охирига қадар 27 минг оиланинг 101 минг нафар аъзосини камбағалликдан чиқариш ҳисобига камбағаллик даражасини 8,7 фоизга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Сўнгги уч йил давомида вилоятда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида умумий қиймати 31 триллион сўмдан зиёд бўлган 2 мингга яқин лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 113 мингта янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилда қиймати 12 триллион сўмлик 326 та янги лойиҳани амалга ошириш ҳисобига яна 30 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Мустақиллик байрами муносабати билан вилоятда ҳам 100 дан ортиқ янги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилади. Хусусан, куни кеча вилоятнинг 5 та ҳудудида умумий қиймати 60 миллиард сўмга тенг ангар усулида ишлаб чиқариш мажмуалари ишга туширилди. Натижада 3 мингта янги иш ўрни, 3 минг нафар кишининг доимий даромад манбаи яратилди.
Мамлакатнинг иқтисодий ривожида хорижий инвестицияларнинг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади. Вилоятда бу борада ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Кейинги 3 йил ичида қарийб 1,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, жорий йилнинг ўзида 1,7 миллиард доллар қийматдаги хорижий инвестицияни ўзлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 700 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилди.
Вилоятдаги экспортёр корхоналар томонидан кейинги икки йил ичида 2 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, жорий йилда экспорт хажмини 1 миллиард долларга етказиш белгиланган. Бугунги кунга қадар эса 350 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.
Олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари натижасида Андижон республикамизнинг энг обод, кўркам ҳудудларида бирига айланди. Вилоятда кейинги йилларда инвестиция ва бошқа дастурлар доирасида 4,5 триллион сўмлик 865 та объектда қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилди. Кўплаб янги-янги объектлар барпо этилди.
Ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқишларини ошириш, спорт билан шуғулланиши учун янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида Андижон шаҳридаги “Универсал спорт” мажмуаси қурилиши якунига етмоқда. Жаҳон стандартларига тўла жавоб берувчи, халқаро даражадаги спорт мусобақалари ўтказиш имконига эга ушбу мажмуада бир вақтнинг ўзида 500 нафардан ортиқ ёш спортнинг 17 тури билан шуғулланиш имконига эга бўлади.
Аҳолини уй-жой, айниқса, арзон уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2016-2024 йиллар давомида 34 мингдан ортиқ хонадонга эга 1 мингдан ортиқ кўп қаватли уй-жой қурилди. “Янги Андижон” шаҳрини барпо этиш борасидаги ишлар жадал олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими вилоятда жуда кўп соҳаларда эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги, умуман, андижонликлар мустақилликнинг ўттиз уч йиллик тўйини ўзига хос ютуқлар билан нишонлаётганлигини таъкидлади.
Шундан сўнг Президентимиз фармонига асосан турли давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ андижонликларга орден ва медаллар, эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида болажонлар, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, бадиий жамоалар, миллий-маданий марказлар вакиллари, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган рақс, куй ва қўшиқлар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
Юртдошларимизга байрам шукуҳини ҳадя этаётган бу каби тантаналар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, маҳаллалари, меҳнат жамоаларида бўлиб ўтмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари