Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида кадастр хизмати соҳасида 1 минг 672 та қонун бузилиш ҳолати қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан ер ажратиш тизимида коррупцияга қарши курашиш ва бу борада қонунчилик ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари ҳамда вилоят кадарстр тизими мутасаддилари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда кадастр тизимини ривожлантириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Анжуманда Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан коррупциянинг олдини олиш, соҳага оид қонун ва қарорлар ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.
- Вилоятда 647 минг 855 та кўчмас мулк объекти, шундан 565 минг 753 таси турар жой, 36 минг 224 таси нотурар жой, 45 минг 878 таси кўп қаватли уйлардаги хонадонлар бўлиб, уларнинг эгаллаган ер майдонлари тўғрисидаги маълумотлар баъзаси, Давлат кадастр тизимида жорий этилган “Кўчмас мулк – 3” дастурига киритилган, - дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Бунинг натижасида фуқаролар, тадбиркорлар ҳамда хўжалик субъектлари кадастр идорасига келмасдан Давлат хизматлари марказлари орқали кадастр ишлари билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этиш имкони яратилди. Бу албатта, кадастр хизматидан фойдаланувчиларга қулайлик яратади.
Анжуманда тадбиркорлар, фермер ва деҳқон ер хўжаликларига ер майдонлари ажратиш тартиблари, тураржой ва нотураржой объектларнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш, электрон савдо орқали ер майдонлари олиш билан боғлиқ тартиблар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Жумладан, ҳовли-жой ва кўп қаватли уйлардаги аҳоли хонадони бўлган 611 мингдан зиёд турар жой объектларининг 215 мингтасида кадастр ҳужжати мавжуд эмаслиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, анжуманда соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олиш, тизим ходимлари томонидан йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари, мутахассисларнинг касбий билим ва малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда рақамлаштириш жараёнида Геопарталнинг афзаллиги хусусида ҳам сўз юритилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида кадастр хизмати соҳасида 1 минг 672 та қонун бузилиш ҳолати қайд этилган. Бундан ташқари, тизимда фаолият юритаётган ва аттестациядан ўтказилган 68 нафар ходимнинг 13 нафари аттестациядан ўтолмаган. Турли хато ва камчиликларга йўл қўйган 14 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилган.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА