Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилиши, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этиши учун зарур барча шароит яратилган.
Бугун халқимизга мана шундай асрий орзулар рўёбини туҳфа этган улуғ неъмат – истиқлолимизга, тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳар бир юртдошларимиз қалбида жўш урмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан куни кеча имзоланган “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бири бўлган муборак Рамазон ҳайитининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, ушбу улуғ байрамни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида тегишли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш, қолаверса, Рамазон ҳайити байрамини юқори савияда ўтказиш учун Андижон вилоятида ҳам зарур барча ишлар амалга оширилди.

Фуқароларимиз қалбига байрам шукуҳини сингдириш, мамлакатимизда юртдошларимизнинг ибодат қилишлари, зиммаларидаги диний амалларни адо этишлари учун яратиб берилаётган имкониятларни тушунтириш мақсадида диний идоралар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда ички ишлар бўлимлари, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда, масжидларда кенг кўламли ободонлаштириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.

– Рамазон ҳайити намози вилоятимиздаги 179 та жоме масжиди ҳамда “Сайид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юртида ўқилади, – дейди Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов. – Ҳайит намози ўқиладиган масжидлар тахт ҳолатга келтирилиб, намозхонлар учун зарур барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилди.

Ҳайит намози ўқиладиган масжидларда тозалик, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, саломатлигидан хабардор бўлиб туриш, ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар кўрилди. Бу борадаги аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Бундан ташқари, аҳолига қулайликлар яратиш, байрамона ва кўтаринки кайфият улашиш мақсадида масжидлар овоз кучайтирувчи аппаратлар, шиор ва паннолар ўрнатилди.
Бир сўз билан айтганда, Рамазон ҳайити байрами вилоятда кўтаринки кайфиятда ўтиши учун зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзA мухбирлари