Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Кенг жамоатчилик вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этган тадбирда сўз олганлар Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларнинг ўқиб, билим олиши, хусусан, иқтисодиёт тармоқлари, қурилиш соҳаси учун олий маълумотли, малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 августдаги «Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилиб, иш бошлаган мазкур институтда иқтисодиёт ва қурилиш соҳаси бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган, рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш кўзда тутилган.
Мазкур институт учун Андижон шаҳридаги собиқ маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биноси ажратиб берилди, жорий 2020-2021 ўқув йили учун қатор йўналишлар бўйича талабалар қабул қилинди.
[gallery-368]
Вазирлар Маҳкамаси қарорида келгусида институтда талабалар сони ошишини инобатга олиб, 2022 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган инвестиция дастурларига 1 минг 200 ўринли ўқув биноси ва 400 ўринли талабалар турар жойини қуриш лойиҳаларини киритиш назарда тутилган.
Ҳозирга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Олий таълим муассасаларини ривожлантириш маблағлари жамғармаси» маблағлари ҳисобидан ўқув биноларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун 2 миллиард 485 миллион сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағнинг 2 миллиард сўми ўқув биноларини жорий таъмирлаш ишларига, 485 миллион сўми эса жиҳозлаш учун сарфланди.
Тадбирда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқди. Тадбирдан сўнг вилоят ҳокими жорий йилда ўқишга қабул қилинган институтнинг биринчи талабалари билан мулоқот ўтказди. Уларнинг ўқишларида, институт жамоасининг ишларида омад тилади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА