Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда имтиҳонлар юқори савияда бўлиб ўтди
17:48 / 2025-07-06

Бугун мамлакатимизда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент мактабларига кириш учун 1- босқич қабул имтиҳонлари – тест синовлари бўлиб ўтмоқда.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга 2025-2026 ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 1 июндан – 20 июнга қадар онлайн шаклда my.gov.uz ва ariza.piima.uz платформалари орқали амалга оширилди.

Қабул давомида Агентлик тизимидаги мактабларга жами 255 мингдан ортиқ, шундан Президент мактабларига – 49 минг 924 та,  ижод мактабларига – 4 минг 740 та, спорт мактабларига – 582 та, ихтисослаштирилган мактабларга – 137 минг 870 та ҳамда Таянч ихтисослаштирилган мактабларга – 62 минг 497 та ҳужжат келиб тушган. Жумладан, Андижон вилоятида ўқувчилар томонидан 26 минг 541 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинди.  

[gallery-24175]

– Андижон вилоятидаги Президент ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш учун имтиҳонлар бутун мамлакатимизда бўлгани каби 6-12 июль кунлари вилоят Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг 1- ва 2- биноларида, шунингдек, Андижон давлат чет тиллари институти, Андижон сув спорти турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби ва Андижон шаҳридаги 2- сон ихтисослаштирилган мактабларда алоҳида ажратилган биноларда бўлиб ўтади, – дейди Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш шўъбаси бошлиғи Отабек Солиев. – Қайд этилган биноларда имтиҳонларни юқори савияда, белгиланган тартиблар асосида ўтказиш учун зарур барча шароитлар яратилган, бино ичларига кондиционерлар ўрнатилган.

Президент мактабларига кириш учун бугун бўлиб ўтаётган 1- босқич имтиҳонлари икки сменада, яъни биринчи смена эрталаб 8.00 да ва иккинчи смена 12.00 да белгиланган тартиблар асосида бўлиб ўтди.    

Ўқувчиларнинг ҳар бири қалам, ручка, ўчирғич ва ичимлик суви билан таъминланди.

Жараённинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун тест синови ўтказилаётган ҳудудларга кузатув камералари ўрнатилиб, жараёнларни онлайн кузатиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар учун кутиш жойлари, салқин ичимликлар савдолари ташкил этилган.

– Имтиҳонга қизим – Пахтаобод туманидаги 3-умумтаълим мактаб ўқувчиси Робия Муҳаммадзокировани олиб келдим, – дейди Рисқитилла Эргашбоев.  –  Имтиҳон ўтаётган Андижон сув спорти турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида биз ота-оналар учун барча шароитлар яратилганлигидан хурсандмиз. Энг асосийси фарзандларимизнинг, барча ўқувчиларнинг омадини берсин.  

Имтиҳонлар жараёнида ўқувчилар саломатлигини назорат қилиш ва хавфсизликни таъминлаш учун соғлиқни сақлаш, ички ишлар тизимлари ходимлари жалб этилган.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари.