Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида қизғин давом этмоқда. Сайловларнинг бориши бўйича округ сайлов комиссияси томонидан брифинг ўтказилди.
Брифингда 2-Андижон округ сайлов комиссияси раиси Комилжон Комилов қуйидагиларни маълум қилди:
Миллий сайлов қонунчилигимизнинг демократик тамойиллар асосида янада такомиллашгани, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиб бораётгани сайлов жараёнларининг очиқ, ошкора ва уюшқоқлик билан ўтишини таъминламоқда.
[gallery-4390]
2-Андижон сайлов округи ҳудудидаги 931 та сайлов участкасида эрталаб соат 8.00 да давлатимиз мадҳияси янграб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига овоз бериш жараёни бошланди.
Дастлаб олинган маълумотларга кўра, соат 10.00 га қадар сайловчилар рўйхатига киритилган 1 миллион 787 минг 804 нафар сайловчининг 573 минг 342 нафари ёки 29,7 фоизи овоз беришда иштирок этди.
Овоз бериш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик принциплари асосида очиқ ва ошкора ўтказилмоқда. Вилоятимизнинг 16 та ҳудудидаги 16 та сайлов участкасига ўрнатилган видеокузатув камералари орқали сайлов участкаларидаги жараёнлар тўғридан-тўғри дунёга намойиш этилмоқда.
Овоз бериш билан боғлиқ жараёнларни халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган халқаро кузатувчилар, шунингдек, сиёсий партиялар ва аккредитациядан ўтган журналистлар кузатиб бормоқда. Шунингдек, пандемия шароитида сайловни ташкил этиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Ҳар бир участка керакли миқдорда ҳимоя ниқоблари, антисептик воситалар, термометрлар билан таъминланган. Ижтимоий масофа чизиқлари тортилган бўлиб, эпидемологик хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилинмоқда.
Овоз бериш жараёнларида сайловчилар, кузатувчилар томонидан эътирозлар қайд этилмади.
Вилоятдаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА