English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда ичимлик суви таъминоти 92 фоизга етди
16:54 / 2025-08-01

“Андижон сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда сув таъминоти борасида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар иштирок этди. Унда мутасаддилар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида Андижон вилоятида аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тармоқларини яхшилаш, бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. 

[gallery-24578]

– Белгиланган давлат дастурлари доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида 24 километр узунликдаги ичимлик суви ва 5 километр узунликда оқова сув тармоқлари қурилди, - дейди “Андижон сув таъминоти” масъулияти чекланган жамият раҳбари Дилшодбек Қўлдашев. – Шунингдек, 7 та янги иншоот фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида 8 минг нафар аҳоли яшайдиган қатор ҳудудлар илк бор ичимлик суви тармоғига уланди, 12 минг нафар аҳоли яшайдиган ҳудудларда ичимлик суви таъминоти янада яхшиланди. Умуман, вилоятда ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 91,9 фоиздан 92 фоизга етказилди.  

Тизимда хизмат кўрсатишда аниқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярмида 4 минг 809 нафар истеъмолчи биллинг тизимига уланиб, ушбу тизимга уланган истеъмолчилар сони 541,5 минг нафардан ортди. 

Вилоятда сув ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилди. Ҳисобот даврида 43 минг 62 та янги сув ҳисоблагичлар ўрнатилиб, ўрнатилган жами сув ҳисоблагичлар сони 293 минг 365 тага етди. Бу истеъмолчиларнинг 55 фоизини ташкил этади. 

Шунингдек, анжуманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 16,1 километр ичимлик суви тармоғи, 36 та насос мукаммал, 28,6 километр тармоқ ва 74 та насос жорий таъмирланди. Шунингдек, турли ҳудудларга 40 та энергия тежамкор насослар ўрнатилди. 

Анжуманда истеъмол қилинган сув учун тўловларни ўз вақтида тўлаш,  истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Жорий йилда сув таъминоти соҳасида белгиланган ишлар тизимли амалга оширилганлиги, келгусида ҳам изчил давом эттирилиши қайд этилди. 

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил  жавоб олди. 

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари