Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2024 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида мазкур йўналишда олиб борилган ишлар натижасида Андижон вилоятининг қатор ҳудудлари, айниқса, ичимлик суви етиб бормаган маҳаллаларга тоза ичимлик суви етказиб берилди.
Бу ҳақда “Андижон сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтказилган матбуот анжуманида жамият раҳбари Дилшодбек Қўлдашев соҳада олиб борилган ишлар хусусида маълумот берди.
Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизмат раҳбарлари, блогерлар иштирок этган матбуот анжуманида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида Андижон вилоятида аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тармоқларини яхшилаш, бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.
Жумладан, вилоят бўйича 7 та сув иншооти, 22 та сув қудуғи қурилди, 176,3 километр янги ичимлик суви тармоғи тортилди. Натижада вилоят аҳолисининг 91 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.
Мисол учун, биргина Олтинкўл тумани Қўшкўприк маҳалласида 3,1 километр масофага янги ичимлик суви тармоғи тортилди, 1 та сув иншооти қурилиб, маҳалла тўла ичимлик суви билан таъминланди. Шунингдек, Пахтаобод туманидаги Учқўрғон маҳалласи ҳудудида 6,5 километр янги тармоқ тортиш, 1 та сув иншооти барпо этиш орқали маҳалладаги ҳар бир хонадонга ичимлик суви кириб келди. Бу каби ишлар вилоятнинг туман, шаҳарларидаги кўплаб маҳаллаларда амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йил 29 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг якунига қадар ичимлик суви таъминоти йўналишида ҳар бир ҳудудда 1 тадан жами 14 та давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, Пахтаобод, Шаҳрихон ва Улуғнор туманларида ичимлик суви таъминотини давлат хусусий шериклик тизимига ўтказиш бўйича ишлар олиб борилди. Мазкур туманларни тўлиқ ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ҳисоб-китоблар тайёрланиб, “Ўзсувтаъминот” АЖга тақдим этилди.
Бундан ташқари, жамият, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан куз-қиш мавсумида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, истеъмолчиларга узлуксиз ичимлик суви етказиб бериш бўйича зарур тайёргарлик ишлари олиб борилди. Хусусан, 38,2 километр янги тармоқ тортилди, 110 дона сув насоси мукаммал ва жорий таъмирланди.
Вилоятда сув ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилди. Ўрнатилган сув ҳисоблагичлар сувни тежаш, исроф қилмаслик, унумли фойдаланиш, айниқса, истеъмолчиларнинг маълум маблағларини тежаш имконини берди.
Яъни, ўтказилган таҳлилларга кўра, сув ҳисоблагич ўрнатилган хонадонлар фойдаланилган сув учун ҳисоблагич ўрнатмаган аввалги даврларга нисбатан 4-5 баробар кам тўловни амалга оширган.
Умуман, ҳозирга қадар вилоят бўйича 235 минг 367 та хонадонга сув ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди. Йил охирига қадар ушбу кўрсаткични яна 56 мингтага ошириш кўзда тутилган.
Сувдан унумли фойдаланиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, кўча колонкаларини хонадонларга олиб кириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар 29 минг 989 та хонадонга кўча колонкалари олиб кирилди. Йил охирига қадар яна 14 мингта хонадонга сув тармоғини олиб кириш белгиланган.
Соҳага янги технологияларни жорий этиш орқали иқтисодий тежамкорликка эришиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Айниқса, энергия тежамкор насосларнинг ишга туширилиши ижобий натижа бермоқда. Жорий йилнинг ўзида 113 та ана шундай насослар ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 400 миллион сўмлик воситалар ўрнатилди. Барча насослар ишга туширилгач, бир йилда 4 миллиард 124 миллион сўм маблағни тежаш мумкин бўлади.
[gallery-19734]
Шунингдек, йил якунига қадар 2,6 МВтли қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган. Сув иншоотлари ер майдонларига хитойлик ҳамкор – “Gansu Yucun New Energu Technologu” компанияси томонидан 32,2 МВт, россиялик ҳамкор - “Зарубежнефт” АЖ томонидан 17,9 МВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш белгилаб олинди. Бунинг натижасида йилига электр энергия ҳаражатлари 25 фоизга камайтириш мумкин бўлади.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари