Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда ичимлик сув таъминоти 85,1 фоизга етказилади
20:36 / 2022-12-21

“Андижон сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудларда ичимлик сув таъминотини яхшилаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, истеъмолчиларга оқава сув хизматини кўрсатиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йил давомида барча манбалар ҳисобидан 258 миллиард сўм маблағ эвазига 725,9 километр ичимлик, 23,3 километр оқава сув тармоғини тортиш, шунингдек, 124 дона сув қудуғи, 16 дона ичимлик ва 4 дона оқава сув тозалаш иншоотини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, умуман вилоятда ичимлик сув таъминотини 84,2 фоиздан 85,1 фоизга, оқава сув хизмати билан таъминланиш даражасини 7,8 фоиздан 8,1 фоизга етказиш  режалаштирилган.  

Белгиланган режа асосида олиб борилган ишлар натижасида шу кунга қадар 626,7 километр ичимлик сув тармоғи, 27,5 километр оқава сув тармоғи тортилди, 6 дона ичимлик ва 2 дона оқава сув иншооти ҳамда 78 дона сув қудуғини қуриш ишлари амалга оширилди. Вилоятда сув таъминотини яхшилашга қаратилган ишларни амалга оширишда Инвестиция дастури доирасидаги лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, инвестиция дастури доирасида 32,2 миллиард сўм миқдоридаги маблағларни ўзлаштириш ҳисобига 110 километр ичимлик, 23,3 километр масофадаги оқава сув тармоқлари тортилди, 1 дона ичимлик ва 2 дона оқава сув иншооти ҳамда 8 дона сув қудуғини қуриш ва реконструкция ишлари бажарилди.  

Тан олиш керак вилоятнинг айрим ҳудудларида узоқ йиллар давомида тоза ичимлик сув таъминотида ўзига хос муаммолар мавжуд эди. Ана шу ҳудудлардаги аксарият аҳоли сувни узоқ масофадан ташиб келишига тўғри келган бўлса, айрим истеъмолчиларга сув ташувчи махсус транспорт воситалари орқали хизмат кўрсатилар эди. Жорий йилда қатор ҳудудларда ана шу муаммо бартараф этилди.  

Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” ва “Обод махалла” давлат дастурлари ижроси доирасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 204 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, 22 дона сув қудуғи қурилди. Бунинг учун 55,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Мисол учун, Андижон туманидаги Садда таги маҳалласини олсак. Ушбу маҳаллада қарийб 30 йил давомида сув таъминотида муаммолар мавжуд эди. Ичимлик сув етказилишидаги узилишлар аҳолини қийнаб келаётган эди. “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида мазкур маҳаллада 11,9  километр сув тармоғи тортилди, ҳар бир хонадон ичимлик сув билан таъминланди.  

Марҳамат туманидаги Бирлик маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Мазкур маҳалладаги тоза ичимлик суви муаммосини бартараф этиш мақсадида 5 километр масофага ичимлик сув тармоғи тортилиб, битта сув минораси қурилди. Натижада маҳалланинг бешта кўчасида истиқомат қилувчи аҳолининг ичимлик сув билан боғлиқ муаммолар барҳам топди.  

Маълумки, Андижон шаҳри билан туташ адирликлар бағрида, қарийиб 4 минг гектар майдонда 400 минг нафардан зиёд аҳоли яшайдиган Янги Андижон шаҳри барпо этилмоқда. Босқичма-босқич амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида барпо этилган дастлабки уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектларини ичимлик сув билан таъминлаш, оқова сув тизимини барпо этиш борасида ҳам белгиланган ишлар амалга оширилди. Ҳозирга қадар корхонамиз томонидан 35,1 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 20 километр ичимлик сув тармоғи, 1 дона ичимлик сув иншооти ва 15 дона сув қудуғи барпо этилди.  

Вилоятда ҳудудларнинг ичимлик сув таъминотини яхшилаш хусусида сўз юритилганда вилоят ҳокими ташаббуси билан амалга оширилаётган ишларни алоҳида таъкидлаш ўринли. Хусусан, вилоятдаги 72 та шароити нисбатан оғир маҳаллаларни комплекс ривожлантириш доирасида 52 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, 5 дона сув қудуғи қурилиб, мавжудлари таъмирланди. 

Қарийб 5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, амалга оширилган ушбу ишлар натижасида 65 минг нафардан ортиқ аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди, 88 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.  

Бу борадаги ишлар жойларда давом этмоқда. Йил якунига қадар белгиланган барча ишлар тўла бажарилади. Энг муҳими, аҳолининг  ичимлик сувга бўлган эҳтиёжи қондирилиб,  турмуш шароити янада яхшиланади.

Шуҳратбек Матмусаев,  

“Андижон сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори  

ЎзА