Мамлакатимизда хотин-қизлар учун муносиб турмуш шароитлари яратиш давлат тараққиёт стратегиясида энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Бугун бирор тайинли жойда ишлаб, турмуши фаровонлигига ҳисса қўшиш истагидаги хотин-қизлар кўп.
Андижонда «Хотин-қизлар билан ишлаш долзарб 10-кунлиги» эълон қилинди.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳудудларда мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишларига кўмаклашиш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
«Хотин-қизлар билан ишлаш долзарб 10-кунлиги» ойлиги доирасида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов моддий кўмакка муҳтож 100 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишларида ёрдам бериш мақсадида тикув дастгоҳлари топширди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан мулоқот ўтказди. Самимий мулоқот давомида вилоят раҳбари юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди.
Бу эса хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА