French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда ҳокимликларнинг 96 та қарори бекор қилинган
16:35 / 2023-02-20

Андижонда вилоят судларининг 2022 йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Суд идоралари масъуллари, судьялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Жиноят ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликка доир, шунингдек, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар, одил судловни таъминлаш, фуқаролар, тадбиркорлар, хорижий инвесторларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш борасида бажарилган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Андижон вилояти маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов Андижон вилояти ҳамда Туманлараро маъмурий судлари томонидан 2022 йил давомида жами 671 та оммавий-ҳуқуқий муносабатларга доир ишлар кўриб чиқилганлиги таъкидлади. Кўрилган ишларнинг 265 таси қаноатлантирилган, 297 таси рад этилган, 29 та ариза кўрмасдан қолдирилган, 80 та ариза иш юритишдан тугатилган. Шунингдек, ўтган йили кўрилган маъмурий ишларнинг 175 таси ёки 26,1 фоизи сайёр судларда кўрилди. Кўрилган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар органлар кесимида таҳлил қилинганда, 350 таси маҳаллий ҳокимликлар, 11 таси Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, 49 таси ФҲДЁ идоралари, 87 таси давлат кадастр идоралари, 28 таси мажбурий ижро бюроси, 110 таси давлат солиқ идораларининг қарорларини ҳақиқий эмас, ҳаракат (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги ишлар ташкил этди. Андижон туманлараро маъмурий суди томонидан туман, шаҳар ҳокимликлари қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ 329 та иш кўрилди. Шундан 96 та ҳолатда ҳокимларнинг қарори бекор қилинган.

2022 йил давомида Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда туман, шаҳар судлари томонидан 5 минг 716 нафар шахсга нисбатан 4 минг 458 та жиноят иши, 6 минг 164 та санкция ва материал кўриб тамомланган. Ана шу ишлар доирасида 4 минг 559 нафар шахсга нисбатан 3 минг 371 та жиноят иши бўйича айблов, 13 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. 

Шунингдек, матбуот анжуманида Андижон вилоят Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судлари томонидан даъво тартибида 70 минг 31 та фуқаролик иши кўриб чиқилганлиги, шундан, 40 минг 693 та фуқаролик ишлари, 25 минг 552 та суд буйруқлари, 3 минг 786 та материаллар кўрилиб, ҳал этилганлиги қайд этилди.

[gallery-10632]

Анжуманда вилоят суди раиси ўринбосари Шоядбек Мирзаев вилоят иқтисодий судлари томонидан жами 20 минг 574 иқтисодий мазмундаги ишлар кўрилганлиги, даъвогарлар фойдасига 803 миллиард 248 миллион сўм миқдоридаги маблағ ундирилиши белгиланганлигини қайд этди. Низоли тартибда кўрилган ишларнинг 9 минг 228 таси ёки 48,6 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилганлиги таъкидланди. Шунингдек, суд қарорлари сифати, суд таъсир чоралари, мурожаатлар бўйича ҳам кенг маълумотлар берилди.

Матбуот анжуманида Андижон вилоят суди раиси Талъатбек Мелибоев, вилоят Жиноят, Маъмурий, Фуқаролик ва Иқтисодий судлов ҳайъатлари раислари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди.

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА