Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда ҳоким ёрдамчиларининг иш фаолияти самарадорлиги қандай кечмоқда?
10:38 / 2022-06-18

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, Маҳаллабай ишлар ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси томонидан Андижон вилоятига пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситаси вакиллари вилоятда маҳаллабай ишлаш тизими ва ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Маълумки, давлат раҳбарининг 2021 йил 3 декабрда қабул қилинган «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилди. Унга кўра, мазкур лавозимга тадбиркорлар, бошқа соҳа вакиллари, фаол ёшлар, раҳбарлик лавозимида фаолият юритмаётган ходимлар ва олий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар ҳам ишга қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

2022 йилнинг январидан буён мамлакатнинг 9 минг 300 дан ортиқ маҳаллаларида ҳоким ёрдамчилари штати таъсис этилган.

Андижон вилоятида ҳам ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси штати ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда вилоятда 888 нафар ҳоким ёрдамчиси ўз фаолиятларини бошлаб юборган.

Хўш, бугун вилоятда мазкур лавозим эгаларининг фаолияти қониқарлими?
Андижон вилоятига амалга оширилган пресс-тур давомида ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти ва ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар тақдим этилди.

Қайд этилишича, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 322 миллиард сўмлик кредитлар ажратилиб, 14 минг 39 нафар фуқаролар бандлиги таъминланди.

Ҳоким ёрдамчилари кўмагида 1 минг 669 та кичик (мини) ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди. 6 минг 121 та, шунингдек, 3 минг 145 та объектлар хизмат кўрсатиш йўналишида фойдаланишга топширилди, 7 минг 279 та доимий иш ўринлари яратилди. Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш мақсадида вилоятдаги 564 мингта хонадонлардаги 25,6 минг гектар томорқа ерларида жорий йилда 60 фоизида 3 мартадан, қолган 40 фоизида 2 мартадан ҳосил олиш тизимини яратиш ҳисобига ҳосил миқдорини ҳар йилгига нисбатан 2 баробарга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан 219,8 км. таъмирталаб ички йўллар шағаллаштирилди, 21,1 км. қисми бетонлаштирилди. 18,1 км қисмига асфальт ётқизилди. Маҳаллаларга 5 минг 429 дона бетон симёғочлар ўрнатилди ҳамда 185 км. электр тармоғи тортилди.

– Бугун барча ҳоким ёрдамчилари ўзларининг олдига катта режаларни аниқ қилиб, белгилаб олишган, – дейди Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ходими Абдуваҳоб Ҳамидов. – Президентга таянч ва суянч, камарбаста бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. «Маҳаллабай» ишлаш тизимида ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари фаолиятини инсон омилисиз мониторинг қилиш ва баҳолаб бориш юзасидан “Online-mahalla.uz” платформасида самарадорликни баҳолаш тизими ишга туширилган.

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари 8 та кўрсаткичлар ва 5 та ташаббускорлик хислатларини баҳолашни ўз ичига олган сўровнома орқали онлайн тарзда баҳоланади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, пресс-тур тадбирлари республика бўйлаб давом этади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА