Бугун бутун мамлакатимизда бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бошланди.
Жорий йилда Андижон вилоятидан олий ўқув юртлари бакалавриат таълим йўналишига кириш учун 56 минг 26 нафар абитуриент тест синовидан ўтади.
– Жорий йилда тест синовлари Андижон шаҳридаги танлаб олинган бешта бинода ўтказилади, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Андижон бўлими бош мутахассиси Рустамжон Азимов. – Тест синови билан боғлиқ барча жараёнлар белгиланган тартиблар асосида ташкил этилмоқда. Шунингдек, жисмоний имконияти чекланган абитуриентлар учун махсус аравачалар ташкил этилган.
[gallery-24290]
Тест синовлари икки сменада, яъни эрталаб 08.00 дан 11.00 гача ва иккинчи смена 15.00 дан 18.00 гача ўтказилади. Ҳар сменада 2 минг 820 нафар, бир кунда 5 минг 640 нафар абитуриент тест синовидан ўтиши, умуман, тест синовлари вилоятда 14-23 июль кунлари давомида ўтказилиши белгиланган.
Абитуриентлар тест синовларига паспорт (ID карта) ҳамда абитуриент рухсатномаси билан киритилмоқда.
Тест синовларининг биринчи кунида рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг 200 нафардан зиёди келмади.
Жараённинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун тест синови ўтказилаётган ҳудудлар камера кузатуви билан таъминланди. Бундан ташқари, ота-оналар, умуман, кенг жамоатчилик учун кутиш зали, тест синови жараёнини онлайн кузатиб бориш имкони яратилган.
– Тест синови жуда тартибли ўтди, бирор бир муаммо ёки қийинчилик бўлгани йўқ, – дейди асакалик абитуриент Шаҳриёр Ҳолматов. – Тест саволларига жавоб бериб чиқдим, насиб этса юқори балл оламан. Барча абитуриентларга омад тилайман.
Имтиҳонлар жараёнида абитуриентлар саломатлигини назорат қилиш ва хавфсизликни таъминлаш учун соғлиқни сақлаш тизими, Миллий гвардия ҳамда ички ишлар ходимлари жалб этилган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА