Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида “Андижон” профессионал футбол клубининг 2026 йилги мамлакат чемпионати олдидан тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, футболчилар, мураббийлар штаби ва барча мухлисларни яқин кунларда бошланадиган янги мавсум билан муборакбод этиб, “Андижон” жамоасига улкан муваффақиятлар, ғалабалар ва юқори натижалар тилади.
Таъкидлаш лозим, Самвел Бабаян бош мураббий этиб тайинланган “Андижон” ПФК янги мавсумда ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Жамоа таркиби мавсум олдидан деярли янгиланди. Жамоага 17 нафар тажрибали янги футболчи қабул қилинди. Улар орасида Драган Черан, Ислом Тўхтахўжаев, Азизбек Турғунбоев сингари мамлакатимиз етакчи клубларида ўйнаган, шунингдек, Қозоғистон, Туркия ва Грузия чемпионатларида тўп суриб, катта тажриба орттирган футболчилар бор.
[gallery-27837]
Ҳақиқий футбол байрамига айланган тадбир давомида янги футболчиларга спорт формалари ва шахсий рақамлари тантанали равишда топширилди. Мухлисларнинг соғинчи, футболчиларнинг ғалабага бўлган иштиёқи тадбирга ўзига хос кўтаринкилик бағишлади.
Тадбирда жамоа етакчилари Драган Черан ва Ислом Тўхтахўжаев сўз олиб, юқори ўринларни эгаллаш ва мухлислар ишончини оқлаш учун жамоанинг ҳар бир аъзоси бор имкониятларини ишга солишини билдирди.
Клуб бош директори Зиёдбек Машрапов вилоят ҳокимига жамоа либосини топширди.
Самвел Бабаян бошчилигидаги “Бургутлар” жамоаси 2026 йил мавсумда мамлакат чемпионлигини ёки кучли учликдан жой олишни ўз олдига мақсад қилган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.