Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ерларнинг ҳисобини юритиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва тарғибот ишларига қарамасдан вилоятда ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Кадастр агентлигининг Андижон вилояти бошқармаси тизимида фаолият кўрсатаётган инспекторлар томонидан ўтказилган хатловлар натижасида жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 716 та ҳолатда жами 105,5 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди.
Ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари таҳлил этилганда, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган асосан, экин майдони ва кўп йиллик дарахтзорлар бўлган 105,5 гектар ер майдонининг 13,7 гектари уй-жой, 9,1 гектари нотурар жой қуриш, 12,2 гектари томорқа сифатида фойдаланиш, 51,6 гектари балиқ ховуз барпо этиш, 18,8 гектари эса бошқа мақсадларда фойдаланиш учун эггалаб олинганлиги аниқланди.
Ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши билан боғлиқ 716 та қонунбузилиш ҳолатининг 115 таси билан боғлиқ ҳолат жойида бартараф этилди.
Кадастр агентлиги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ноқонуний қурилишлар қилиш ҳолатларини содир этган фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларига асосан, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини эслатиб ўтади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА