French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари аниқланди
19:07 / 2023-08-21

Андижон шаҳридаги З.М.Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона марказида мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига бағишланиб “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилаётган “Энг улуғ, энг азиз” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Ўзбекистон “Тасвирий ойина” уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ижод аҳлининг қўшаётган беқиёс ҳиссаси, юртимизда ижодкорларнинг самарали ижод қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.  

Танловда 17 нафар шоир ва ёзувчининг 18 та китоби ва бошқа ижодий ишлари, 24 нафар босма оммавий ахборот воситалари вакилларининг 80 га яқин мақола ва бошқа ижодий материаллари, 30 нафар телевидение ва радио ижодкорларининг 100 га яқин кўрсатув ва радиоэшиттиришлари, 20 нафар интернет-журналистикаси вакилларининг 70 дан ортиқ материаллари, шунингдек, 50 га яқин мусаввир, халқ амалий санъати вакиллари, фотограф ва дизайнерларнинг 160 дан ортиқ ижодий ишлари кўриб чиқилди.  

[gallery-13198]

– Танлов кўргазмаларида намойиш этилган ижодий ишларнинг ўзига хослиги, мазмунан бойлигини, ранг-баранглигини алоҳида эътироф этиш жоиз, – дейди Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов. – Ана шу асарларда истиқлол ғоялари, халқимиз маънавияти, онг ва тафаккуридаги ўзгаришлар ўзига хос талқин этилганлиги аҳамиятлидир.  

Танловнинг якуний натижаларига кўра, адабиёт номинацияси бўйича икки томли "Мунавварнома" сайланмаси ва "Девон" номли китоблари учун Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввара Тиллабоева, телерадио номинацияси бўйича “Тараққиёт” телекомпанияси ижодий жамоаси, босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, журналистларнинг ижодий ишлари номинацияси бўйича “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг Андижон вилояти мухбири Қобилжон Асқаров, интернет журналистикаси номинацияси бўйича Daryo.uz сайти мухбири Умиджон Мамарасулов, тасвирий санъат, фото ва дизайн номинацияси бўйича фото-дизайнер Хуршидбек Қосимов тақдим этган асарлари ва ижодий ишлари билан ғолибликни қўлга киритди. 

– Танловда мамлакатимизда, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонамиз қаҳрамонлари ҳаёти, фаолияти кенг ёритилган ижодий ишларим билан иштирок этдим, – дейди танлов ғолибларидан бири “Қишлоқ ҳаёти” газетаси вилоят мухбири Қобилжон Асқаров. – Ижодий ишларим эътироф этилиб, ғолиблар қаторидан жой олганлигимдан беҳад хурсандман. Ушбу эътироф, муваффақият мен, кекса журналистга куч ва илҳом бағишлайди.

Якунда барча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА