Андижон туманининг Терактаги маҳалласида "FERAN STAL" масъулияти чекланган жамияти томонидан метални қайта ишлаб, қурилишда ишлатилаётган импорт маҳсулотлар ўрнини босувчи қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қурилиши бошланди.

Умумий қиймати 25 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида барпо этиладиган заводда асосан қурилишда ишлатиладиган бурчакли жиҳоз, арматура, симли ўрамлар сингари темир маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Майдони 6 гектарни ташкил этадиган мазкур заводда йилига 1,5 триллион сўм қийматга тенг 150 минг тонна сифатли, импорт ўрнини босувчи темир маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ҳозирда бу каби маҳсулотлар вилоятга четдан олиб келинмоқда.

Энг асосийси, завод ишга тушиши билан 2 минг нафардан зиёд аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади. Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, лойиҳа ташаббускорлари, маҳалла оқсоқоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тадбирда қуръон тиловат қилиниб, кексаларнинг дуоси билан қурилиш ишлари бошланди.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА