French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда электр энергияси бўйича истеъмолчиларнинг 273 миллиард сўм қарздорлиги мавжуд
10:30 / 2020-12-02

Андижонда “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан куз-қиш мавсумида вилоят аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда аҳолини электр энергияси билан таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори даражага кўтаришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бу халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.

Анжуманда  Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, унинг туман, шаҳар тизимларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ва бугунги кунда амалга оширилган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида истеъмолчиларга 3 миллион 284,2 кВт-соат ёки 1 триллион сўмлик электр энергияси етказиб берилганлиги қайд этилди.

Жорий йилда Андижон шаҳридаги “Камолот”, Андижон туманидаги “Охунбобоев”, Избоскан туманидаги “Пахтакор”, Жалақудуқ туманидаги “Сўфиқишлоқ”, Асака туманидаги “Файзобод”  нимстанцияларига янада юқори кучланишли трансформаторлар ўрнатилди. Натижада мазкур ҳудудларда электр таъминоти яхшиланди.

[gallery-235]

“Паст кучланишли тармоқларни модернизация ва реконструкция қилиш” дастури доирасида 579,6 километр электр тармоғи тортилди, 206 та трансформатор пунктида қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди. Йил якунига қадар яна 366,5 километр масофага янги электр тармоғи тортиш ва 88 дона трансформатор ўрнатиш белгиланган.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 1 минг 585,1 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи, 581 дона трансформатор пункти ҳамда 700 та тармоқ трансформатори мукаммал таъмирланди.  

Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, юзага келган носозлик ва авария ҳолатларини қисқа муддатларда бартараф этиш мақсадида навбатчилик, алоҳида бригадалар ташкил этилди, шунингдек, зарур барча жиҳозлар билан таъминланган 41 та махсус автотранспорт воситаси шай ҳолга келтирилди.

Истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигига қарамасдан, айни кунларда узилишлар бўлаётгани, бу каби ҳолатларнинг сабаблари хусусида фикрлар билдирилди. Хусусан, электр энергияси бўйича 273 миллиард қарздорлик мавжудлиги, вилоятдаги мавжуд электр узатиш тармоғлари ҳамда нимстанцияларнинг 30 фоизи таъмирга муҳтож ёки янгиланиши зарурлиги таъкидланди.

Истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш ва маблағларни ундириш мақсадида Андижон, Хонобод шаҳарлари, Андижон, Асака, Хўжаобод туманларида АСКУЭ тизимига мос келувчи 376 минг 431 дона замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилди. Йил охиригача яна 175 минг донадан ортиқ ана шундай ҳисоблагичлар ўрнатилиши кўзда тутилган.

Хўжаобод туманида умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард сўм бўлган йилига 16 минг дона темир-бетон устунлар ишлаб чиқариш қувватига эга корхона барпо этилмоқда. Ушбу корхона ишга тушиши билан ана шу маҳсулотни республикамизнинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш ҳаражатлари тежалади, 20 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

“Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти қошида траверс ва металл конструкциялар ишлаб чиқариш цехи ташкил этилди. Мазкур цехда электр тармоқлари тизими иш жараёнида кенг фойдаланиладиган ускуналар, яъни ОГ-1, ОГ-2, М-1, М-3 ва бошқа турдаги темир қурилмалар тайёрланмоқда. Бу билан тизимдаги ана шу маҳсулотларга бўлган эҳтиёж қопланмоқда.

Матбуот анжуманида “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”нинг келгусидаги режалари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА