Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда бирорта тиббий давлат-хусусий шериклик объекти фаолият кўрсатмаяпти
19:13 / 2020-11-25

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг йиғилиши ўтказилди.

Назорат-таҳлил тартибида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 апрелда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг Андижон вилояти мисолида бажарилиши кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда аҳолини соғлиғини муҳофаза қилишда, хусусий ҳамда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Мазкур қарор соғлиқни сақлаш соҳасида янги даврни бошлаб берди. Ушбу ҳужжатда назарда тутилган ҳамкорликнинг амалга оширилиши турли табақадаги инвесторларнинг мазкур жараёнда изчил фаолият юритишига замин яратади.

Шунингдек, тиббиётда хусусий сектор улушини ошириш, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш, илғор тиббий технологияларни татбиқ этган ҳолда аҳоли саломатлиги йўлида кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, давлат-хусусий шерикликнинг хуқуқий асосларини яратиш имконини беради. Муҳими, хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришга кенг йўл очади.

Ушбу ҳужжат Андижон вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилганда, ҳудуднинг давлат-хусусий шериклик лойиҳалари концепциясига хулоса бериш комиссияси тузилганлиги ва буйруқ барча тиббиёт муассасаларга етказилгани аниқланди. Тизимдаги даволаш профилактика муассасалари хатловдан ўтказилган. Унинг натижаларига кўра, бўш турган бино ва иншоот ҳамда ер участкаларининг 41 таси жорий йил 20 август куни расмий веб-сайтга жойлаштирилган.

Шундан 6 нафар талабгор тадбиркорнинг лойиҳаларини баҳолаш ҳужжатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигида кўриб чиқилмоқда. Орадан анча муддат ўтаётган бўлишига қарамай лойиҳаларни Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига юбориш фақат “режа”лигича қолмоқда. Шу боис, инвестиция киритиш ва лицензия олиш муаммо бўлиб турибди.

Андижон вилоятида қарор қабул қилинганидан буён бир ярим йил вақт ўтаётганига қарамасдан, бирорта тиббий давлат-хусусий шериклик объекти фаолият кўрсатмаяпти. Ваҳоланки, яна 7та объектда шу тамойил асосида шифохона очишни режалаштирган талабгор тадбиркорлар томонидан баҳолаш учун лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Вилоятда аутсорсинг асосида 23 та муассасанинг овқат тайёрлаш, 4 та муассасанинг кир ювиш хизматлари тадбиркорларга белгиланган тартибда берилди.

Бироқ аутсорсинг хизматида бир қанча муаммолар аниқланди. Бюджетдан овқат тайёрлаш учун беморга ажратилган бир кунлик маблағларнинг камлиги тайёрланаётган овқат сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Лекин, белгиланган хизмат таннархига иш хақи, иш хақига ажратмалар, моддий харажатлар, билвосита ва аутсорсер харажатларини қоплаш учун 20 фоизлик устама харажатларини тўлаш молия органлари томонидан амалга оширилмаган.

Масалан, Қорасув туман тиббиёт бирлашмасидаги 80 ўринли ошхонадаги ҳолатни қониқарли деб бўлмайди. Унда Қўрғонтепалик тадбиркор аутсорсинг хизматини кўрсатади. Вазият ўрганилганда, кечки таомни тайёрлашга ўз вақтида киришилмагани кузатилди. Газ йўқ, ошхонанинг санитар ҳолати талаб даражасида эмас.

Ваҳоланки, бундай ҳолатлар нафақат Андижонда балки республикамизнинг барча худудларида учраб туради.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда депутатлар қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ҳамда бир қатор таклифлар ўртага ташланди.

Тадбир якуни бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА