Андижон давлат университети ва Андижон давлат педагогика институтида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, оммавий спорт турларини янада оммалаштириш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси – 2025” доирасида спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Андижон давлат университетининг Спорт ва маданият факультети талабалари ўртасида мини-футбол, волейбол, енгил атлетика ва стол тенниси бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Мусобақаларда талабалар катта иштиёқ билан иштирок этди. Уларнинг ҳаракатларида нафақат ғалаба учун кураш, балки жамоавийлик, дўстлик ва спортга бўлган муҳаббат яққол намоён бўлди.
Шу билан бирга, Андижон давлат педагогика институтида ҳам “Беш ташаббус олимпиадаси – 2025” спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир доирасида талабалар футбол, волейбол ва стритбол йўналишлари бўйича ўзаро куч синашмоқда.
Беллашувлар олимпия тизими асосида ташкил этилиб, ғолиблардан институт терма жамоаси шакллантирилади ва улар “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг вилоят босқичида АДПИ шарафини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади.
[gallery-25850]
Ташкил этилган спорт мусобақалари талабалар ўртасида жисмоний фаолликни ошириш, ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини кучайтириш ва уларни соғлом ҳаёт тарзига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мусобақалар 31 октябргача давом этади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА