Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда 72 объект “ноль” қийматда тадбиркорларга берилди
11:53 / 2019-12-14

Андижонда вилоят ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида “Давлат объектлари ярмаркаси” ўтказилди.


Андижонда вилоят ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида “Давлат объектлари ярмаркаси” ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда бўш ер майдонлари ва давлат мулки объектларини “E-ijro” аукцион дастури орқали сотиш ҳамда ижара шартномаси асосида бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Ярмаркада вилоят ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармаси, давлат мулкларини ижарага бериш маркази, кичик саноат зоналари дирекцияси, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим бошқармалари, банклар тадбиркорликни ривожлантириш бўйича таклиф ва лойиҳалари, таклиф этаётган хизматлари бўйича кўргазмалари билан иштирок этди.

– Бошқармамиз давлат активларини бошқариш, хусусий мулкка бериш, инвестиция мажбуриятлари бажарилишини мониторинг қилиш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш ҳамда банкротлик масалалари бўйича зарур ишларни олиб бормоқда, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шавкатбек Нишонов. – Асосий эътибор бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини тадбиркорларга бериш, шунингдек, аввал хусусийлаштирилган, лекин ҳозирда самарасиз фойдаланилаётган объектларни аниқлаш ҳамда улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш масалаларига қаратилмоқда.

photo5449629701632011074.jpg

Жорий йилда ўтказилган хатлов натижасида вилоятда 319 та бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари мавжудлиги аниқланди. Улардан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Жумладан, 42 та объект “E-ijro” аукциони орқали, 72 объект “ноль” қийматда тўғридан-тўғри тадбиркорларга сотилди, 74 тасининг фаолияти тикланди, 5 таси уй-жойга айлантирилди, 13 таси ижарага берилди, 22 та объект хусусийлаштириш ва инвестиция дастурларига киритилди.

Қолганлари бўйича давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркорларга бериш, аукцион савдолари орқали сотиш, самарали фойдаланиш бўйича йўл харитасига киритиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Ярмарка доирасида ўтказилган семинарда Давлат объектлари ҳамда ер майдонларини “E-ijro auksion” орқали сотиб олиш, ижарага олиш, шунингдек, кичик саноат зоналаридаги ер майдонлари ва бино иншоотлари негизида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, давлат объектлари негизида давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим, мактаб, хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни ташкил этиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш учун яратилган имкониятлар, солиқ имтиёзлари бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Мутахассислар томонидан ушбу жараёнларда иштирок этиш, зарур ҳужжатлар тайёрлаш, бериладиган имтиёз ва қулайликлар, мажбуриятлар хусусида тадбиркорларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди. Тадбиркорларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

photo5449629701632011076.jpg

Жорий йилнинг ўтган даврида кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига давлат мулки объектларини “ноль” харид қийматда бериш бўйича 214 та шартнома тузилган бўлиб, 243 миллиард 947 миллион сўм ҳамда 15 миллион 700 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши белгиланган. Бу борада бугунги кунга қадар 225 миллиард 304 миллион сўм ва 16 миллион 113 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилди.

– Компаниямизга 5,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан Андижон шаҳридаги қурилиши тугалланмаган меҳмонхона биноси “ноль” қийматда берилган, – дейди Хитойнинг Agrotour technovation компанияси раҳбари Пан Хайчонг. – Айни кунда қарийб 1 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилиб, ушбу объектда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоятнинг шаҳар ва туманларида умумий майдони 75, 45 гектар бўлган 11 та кичик саноат зоналари ташкил этилган. Кичик саноат зоналарига умумий қиймати 498,4 миллиард сўм бўлган 236 лойиҳа жойлаштирилиб, улар томонидан 58 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Ҳозирга қадар “E-ijro” аукциони ҳамда “ноль” қийматда ушбу ҳудудлардан ер майдони ва бино иншоот сотиб олган тадбиркорлик субъектлари томонидан умумий қиймати 201,7 миллиард сўм бўлган 102 та лойиҳалар ишга туширилиб, 98,02 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, 1 минг 857 та янги иш ўрни яратилди.

Давлат объектларини тақдим этиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратилаётгани туфайли давлат-хусусий шериклиги асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш истагини билдираётган тадбиркорлар сафи тобора ортмоқда. Жумладан, айни кунда вилоятда 571 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, шундан, 28 таси хусусий, 99 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида ва 444 таси оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотидир. Энг асосийси, ушбу нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиши натижасида 2 минг 698 та янги иш ўрни яратилгани, 21 минг нафардан ортиқ мактабгача таълим ёшидаги бола уларга қамраб олингани эътиборга молик.

– Бўш турган бинода давлат-хусусий шерикчилик асосида 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйдик, – дейди Пахтаобод тумани Юқори маҳалласидаги “Ширин кичкинтойлар” номли мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Ширмонхон Йўлчиева. – Умумий лойиҳа қиймати 2 миллиард 555 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳани амалга оширилиши ҳисобига 30 та янги иш ўрни яратилди.

Ярмаркада иштирок этган тадбиркорлар “E-ijro” аукциони орқали сотиладиган, ижарага ва “ноль” қийматда тақдим этиладиган мавжуд давлат объектлари, ер майдонлари ҳамда уларни олиш юзасидан зарур маълумотларга эга бўлди.